Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 02/03/2026

Жиззах вилоятида ҳокимлик ходими 11 гектар ерни ноқонуний сотганлик иши бўйича қўлга олинди — ДХХ

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси коррупциявий жиноятда гумон қилинмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.

Идора маълумотларига кўра, давлат хизматчиси ўғлига тегишли бўлган фермер хўжалигининг 11 гектар ер майдонини 11 минг долларга сотишга келишиб, аввалроқ 5000 доллар олган.

Аниқлик киритилишича, у қолган 6000 долларни, шунингдек, ҳокимлик ва кадастр органларидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериш учун 700 долларни (жами 6700 доллар) олаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда қўлга олинган.

Бош мутахассисга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора беришда шериклик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.