
Ижтимоий тармоқларда болани юқори кучланишли ток ургани ҳақида маълумотлар тарқалди. Ҳолат юзасидан болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова муносабат билдирди.
Аниқланишича, воқеа 2026 йил 18 февраль куни содир бўлган. Фарғонадаги боғчада 6 ёшли бола Р. А. трансформаторлар ўрнатилган махсус ертўла люкига тушиб кетган. Бола электр жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган.
Kun.uz маълумотларига кўра, боғча икки йил аввал қурилиб, фойдаланишга топширилганига қарамай, ҳаёт учун хавфли бўлган ертўла атрофи махсус ҳимоя тўсиқлари билан ўралмаган. Ертўла эшиги оддий целлофан пакет билан ёпиб қўйилган бўлган.
«А. ўйнаб юриб, целлофан билан ёпилган ертўла люкини босиб юборган ва ичкарига тушиб кетган. Фақатгина бахтсиз ҳодисадан кейин хавфли ҳудуд зудлик билан махсус панжаралар билан ўралган», — дейилади хабарда.
«Набирамнинг қўллари, елкаси, орқаси, думбаси — танасининг барча асосий қисмлари куйган. Қандай қилиб болаларни юқори кучланишли ток ёнида назоратсиз қолдириш мумкин?» — деди боланинг бувиси.
Боланинг жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил вазиятни назоратга олди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.