Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 28/02/2026

Қўқондаги кўп қаватли уйда юз берган портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлди (видео)

Қўқон шаҳридаги «Бўстон» маҳалласида жойлашган кўп квартирали уйда 2026 йил 25 февраль куни газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Портлашдан сўнг ёнғин келиб чиққан.

Фавқулодда ҳолат ҳақидаги хабар соат 14:47 да келиб тушган. Воқеа жойига қутқарув бўлинмалари етиб бориб, ёнғинни тезкорлик билан бартараф этишган.

Ижтимоий тармоқлардаги видеолавҳаларда тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватини олов қамраб олгани, учинчи қават балконидан қора тутун чиқаётгани, қўшни квартираларнинг деразалари эса синиб кетгани кўринади. Уй ҳовлисига металл конструкция элементлари, мато парчалари, дарахт шохлари сочилиб кетган. Биринчи қават ёнидаги тўсиқ, шунингдек, бир нечта балконларга шикаст етган.

ФВВнинг янгиланган маълумотларига кўра, ёнғин оқибатларини бартараф этиш давомида вайроналар остидан ҳалок бўлган фуқаронинг жасади топилган.

Ҳодисадан сўнг Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов воқеа жойига ташриф буюрди ва тергов гуруҳини тузди. ИИВ маълумотларига кўра, Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Иш тергов бўлими ихтиёрига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 16 февраль куни Қўқоннинг Муқимий кўчасидаги беш қаватли уйда ҳам газ портлаши содир бўлган эди. Ўшанда ёнғин оқибатида тўрт киши куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, улардан бири шифохонада вафот этган эди.

Бундан бир неча кун олдин Андижондаги тўққиз қаватли уйда юз берган газ портлашида икки киши жабрланган эди.