Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 27/02/2026

BMW бошқарган ўсмир уриб юборган ЙПХ инспектори ўзига келмай вафот этди

Икки кун аввал Тошкент марказида 16 ёшли мактаб ўқувчиси BMW M4 автомобилида уриб юборган кичик сержант Ҳосилбек Бекназар ўғли Эшназаров шифохонада ўзига келмай вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, у шаҳар клиник тез тиббий ёрдам шифохонасида шифокорлар назоратида бўлган.

Ҳосилбек Эшназаров 1993 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги хизматини 2022 йилда Яшнабод тумани ИИО ФМБда бошлаган.

У Ўзбекистон ИИВ ЖХД ЙҲХХ 2-алоҳида батальони 4-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ҳосилбек Эшназаровдан уч нафар вояга етмаган фарзанди — икки ўғил ва бир қиз қолди.

Шифохонада бўлган вақтида унинг ёнида отаси, бошқа қариндошлари ва ҳамкасблари бўлишди, шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ва ИИВ раҳбарлари навбатчилик қилишди.

Дафн маросими унинг туғилиб ўсган юрти Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтади.