
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 2026 йил 25 февраль куни кечқурун Тошкентда BMW M4 (давлат рақами 01 0 210 OC) автомобили Йўл-патруль хизмати ходимини уриб юборгани акс этган видеороликни эълон қилди. Рулда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16 ёшли 10-синф ўқувчиси бўлган. Оғир жароҳат олган инспектор шифохонага ётқизилган. Унинг аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.
«Жамоат хавфсизлигига очиқ таҳдид»
ИИВ ролигида кейинги пайтларда Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари кўпайгани тан олинган.
«Сўнгги вақтларда айрим шахслар автомобилларни белгиланган тезликдан сезиларли даражада ошириб бошқараётгани, шунингдек, ўзаро ноқонуний пойгалар уюштираётгани қайд этилмоқда. Бу шунчаки тартибни бузиш эмас. Бу инсон ҳаётига бефарқликдир. Бу жамоат хавфсизлигига очиқ таҳдиддир», — деди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари подполковник Музифа Султанова.
Ўсмирнинг биринчи қоидабузарлиги эмас
Вазирлик маълумотларига кўра, ўсмирнинг ота-онаси аввалроқ икки марта маъмурий жавобгарликка тортилган: 2025 йил 12 сентябрда — боланинг мактаб дарсларини қолдиргани учун, жорий йилнинг 8 январида — автомобилни ўзбошимчалик билан бошқаргани ва ЙҲҚни қўпол равишда бузгани учун (ижтимоий тармоқларда рақамсиз кулранг BMW X5 ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг ишораси билан тўхтаб, кейин тезликда қочиб кетгани акс этган видео тарқалган эди). Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси — «болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик» бўйича жаримага тортилган.

«Шунга қарамай, афсуски, улар тегишли хулоса чиқаришмаган ва ота-оналик мажбуриятларига масъулиятсизлик ҳамда бепарволик билан ёндашилгани натижасида уларнинг «эрка» фарзанди ҳуқуқбузарликлар содир этишда давом этган», — дейилади ИИВ хабарида.
Автомобиль эгасининг ўнлаб қоидабузарликлари
Видеода қайд этилишича, автомобиль 2002 йилда туғилган Атаджанова Лейла Бекзодовнага тегишли.

«Аниқланишича, у 2024 йилдан ҳозирги вақтга қадар 18 марта автомобилни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга топширган, шунингдек, 37 марта бошқа Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган», — деди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов. Бунга қандай йўл қўйилганига аниқлик киритилмаган.
«Автомобиль эгасининг масъулиятсизлиги ва қонунчиликка беписандлиги оқибатида рулга вояга етмаган шахс ўтирган ва оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган», — деб қайд этди.
Ўсмир ва унинг отасининг узри

Машина инспекторни уриб юборган вақтда рулда бўлган Дониёр исмли бола шундай деди: «Ўтган сафар ходимлар мени огоҳлантиришган эди. Бошқа машина ҳайдамайман деб ваъда бергандим. Лекин яна қоидани бузиб, рулга ўтирдим. Қилган ишларимнинг ҳаммаси нотўғри. Жабрланган ходимдан, шахсан ўзидан, оиласидан, ота-онасидан узр сўрайман. Иккаламиз ҳам нотўғри иш қилдик». Видеода унинг дўсти ҳам кўрсатилган, аммо исми очиқланмаган.

Ўсмирнинг отаси Зафаржон Кучкунов (1979 йилда туғилган) шундай баёнот берди: «Ўша куни ўғлим дўсти билан машинани олиб қочган экан. Бундан бехабар қолганман. Лекин у ўша ходимга жуда катта зарар етказди. Ундан, оиласидан, ота-онасидан узр сўрайман. Бутун халқимиздан узр сўрайман. Ўғлим учун мен айбдорман».
«Сентябрь ойида ўғлим Дониёр мактабга бормагани учун чора кўрилганди. Кейин январь ойида иккинчи марта чора кўрилганда қаттиқ огоҳлантириш беришганди. Мен билан профилактик суҳбат ўтказишганди. Биз бундан хулоса чиқармадик», — дея қўшимча қилди.
«Бугун мана, ўғлимни етарлича назорат қилмаганим, унга эътибор бермаганим учун тергов курсисида ўтирибман. Менинг бепарволигим туфайли ўғлим қотилга айланиши мумкин эди. Барча ота-оналарга мурожаат қиламан — менинг мисолимдан хулоса чиқаришсин. Қонун ҳамма учун мажбурий. Мана, мен бунга мисолман. Уларнинг тарбиясига бефарқ қараб бўлмас экан».
Миробод тумани прокуратураси Жиноят кодексининг 266-моддаси — ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилишига сабаб бўлиш билан жиноят иши қўзғатди (базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).
Ролик якунида ИИВ ота-оналарни фарзандлари бўш вақтини қандай ўтказаётгани, кимлар билан мулоқот қилаётгани ва нима билан шуғулланаётганини доимий назорат қилишга чақирди. «Вояга етмаганларга транспорт воситаларини бошқаришни ишониб топширманг, уларнинг ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйманг. Фарзандлар тарбияси — жамият хавфсизлигининг асоси. Уларнинг ҳар бир қадами масъулият ва назорат остида бўлиши керак», — деб баёнот берди вазирлик.