Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 27/02/2026

«Расмий жавоб» ва болаларнинг заҳарланиши: Фарғона вилояти ҳокимлиги коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномасини эътиборсиз қолдирган

Фарғона шаҳридаги учта боғчанинг 62 нафар тарбияланувчиси «ўткир диарея» ташхиси билан шифохонага ётқизилгани фонида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муҳим маълумотларни очиқлади. Агентлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Фарғона вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этишдаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳали 2024 йилнинг июль ойидаёқ аниқланган эди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Фарғона ва Қувасой шаҳарларидаги боғчаларда аутсорсинг (кейтеринг) тизимини ўрганиб чиққанида, етказиб берувчини танлашда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани маълум бўлган.

Хусусан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 2024 йил 25 июлдаги қарори билан Қувасойда рўйхатдан ўтган Garden Catering Trade компанияси тендерсиз, тўғридан-тўғри овқат етказиб берувчи сифатида белгиланган. Ваҳоланки, амалдаги тартибга кўра, бундай хизматлар учун мажбурий равишда рақобатли танлов ўтказилиши ва аутсорсернинг камида бир йиллик иш тажрибаси бўлиши шарт эди.

Аниқланишича, Garden Catering Trade компанияси ҳокимлик билан шартнома тузилишидан атиги бир ой олдин — 2024 йил 21 июнда ташкил этилган бўлиб, ҳеч қандай иш тажрибасига эга бўлмаган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу ҳолатлар юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлигига қонунбузилишларни бартараф этиш, танловни рақобат асосида қайта ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби билан тақдимнома киритган. Бироқ ҳокимлик амалий чоралар кўриш ўрнига, шунчаки «расмиятчилик учун» жавоб хати йўллаш билан кифояланган. Натижада, оммавий заҳарланиш юз берган 2, 58 ва 61-сонли боғчаларга айнан мана шу тажрибасиз компания овқат етказиб беришни давом эттирган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг таъкидлашича, Фарғонадаги вазият коррупцияга қарши қонунчиликка беписанд муносабат қандай аянчли оқибатларга олиб келишини яққол кўрсатди. Манфаатдор шахслар учун тендерларни четлаб ўтиш нафақат бюджетга зарар етказади, балки болалар ҳаёти ва соғлиғини бевосита хавф остига қўяди.

«Газета.uz» аввалроқ ўтказган суриштирувида ушбу компания «тажриба» тариқасида 100 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги шартномаларни тендерсиз қўлга киритганини аниқлаган эди. Эксперт Ҳусаин Ражаповнинг фикрича, Ўзбекистондаги давлат харидларининг ярмига яқини ҳали ҳам норақобат йўллар билан амалга оширилмоқда. Бунга сабаб — назорат органлари, жумладан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Рақобат қўмитаси хулосаларининг ижро этилиши мажбурий эмас, балки тавсиявий характерга эга эканлигидир.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилоятининг бир нечта туманларида 1000 дан ортиқ бола заҳарланган эди. Ўшанда ҳам боғчаларга хизмат кўрсатган аутсорсинг компаниялари фаолияти юзасидан олиб борилган текширув натижалари ҳалигача жамоатчиликка очиқланмаган.

Бу каби тизимли муаммолар ва назорат органлари талабларининг ижро этилмаслиги жамиятда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги борасида ҳақли саволларни юзага келтирмоқда.