
Фарғона вилоятидаги болалар оммавий заҳарланган боғчаларга овқат етказиб берувчи ташкилот Garden Catering Trade компанияси ҳисобланади. Бу «Газета» ўрганган давлат харидлари портали маълумотларидан келиб чиқмоқда.
Дам олиш кунлари шаҳардаги учта давлат боғчасидан (2, 58 ва 61-сонли) камида 62 нафар бола «алиментар этиологияли ўткир диарея касаллиги» ташхиси билан шифохонага ётқизилган эди. Kun.uz маълумотларига кўра, улардан уч нафари реанимацияда «барқарор» ҳолатда қолмоқда. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитария қонунчилигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
«Ревизор» Telegram-канали 2024 йил 25 июлда Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоровнинг қарори билан Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида кейтеринг тизими жорий этилганига эътибор қаратди. Garden Catering Trade компаниясининг таом тайёрлаш ва етказиб бериш бўйича таклифлари маъқулланган. Лойиҳа ижобий баҳоланган тақдирда, тизимни Фарғона шаҳрига ҳам татбиқ этиш режалаштирилган эди. Қарор қабул қилинган вақтда компания ташкил этилганига тахминан бир ой бўлган эди.
Вилоят ҳокимлиги 2024 йил 30 июлда тайёр таомларни етказиб бериш тизими (кейтеринг) тажриба тариқасида жорий этилаётганини маълум қилган эди. 1 августдан бошлаб Garden Catering Trade компанияси тендер ва танловларсиз беш ой давомида боғчаларга овқат етказиб бериш ҳуқуқини қўлга киритган.
«Туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган Garden Catering қўшма корхонаси пилот лойиҳа учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида болалар рациони учун белгиланган 100 дан ортиқ турдаги таомлар, салатлар ва десертлар тайёрлашни кўзда тутгани боис танлаб олинди. Компанияда 12 нафар юқори малакали туркиялик шеф-ошпаз ва 2 нафар соғлом овқатланиш бўйича муҳандис-технолог фаолият юритади», — дейилган эди хабарда.
Шартномаларда компания Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси сифатида кўрсатилган, бироқ ҳозирда у бундай мақомга эга эмас. Компаниянинг ягона таъсисчиси сифатида Иқболжон Ҳабибуллоевич Бозоров (фамилияси ҳокимнинг фамилияси билан бир хил) кўрсатилган.

Компаниянинг Instagram’даги охирги пости 2024 йил ноябрь ойида эълон қилинган.
Ишни давом эттиришга тўсқинлик қилмаган қоидабузарликлар
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати 2024 йил 30 июлда текширув натижаларига кўра Garden Catering таомлари СанПиН 0016-21 талабларига номувофиқлигини, яъни кейтеринг ташкилоти томонидан таклиф этилаётган таомларнинг рецептуралар тўплами, таркиби ва энергетик қиймати ушбу талаблар асосида ишлаб чиқилмаганини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, таомларни ташиш, сақлаш ва тарбияланувчиларга тарқатишда санитария-гигиена талабларига риоя қилиш бўйича тизимли чоралар белгиланмаган. Кейтеринг ташкилоти томонидан маҳсулотлар ва болалар учун мўлжалланган тайёр таомлардан ҳар куни намуна олиш учун махсус лаборатория ташкил этилмаган, бу эса сифатни доимий назорат қилиш учун зарур, деб таъкидланган эди хабарда.
Шунингдек, ҳокимлик қарорига асос қилиб олинган Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги 407-сонли қарорида, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда овқатланишни кейтеринг усулида ташкил этиш тартиблари кўзда тутилмаган. Xarid.uz ёки бошқа платформалар орқали шартномалар тузиш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Бунда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилиш мажбурий ҳисобланади, деб таъкидлаган ММТВ.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси асосида ҳокимнинг тегишли қарорини бекор қилиш ҳақида кўрсатма берган, бироқ у бекор қилинмаган.
Етказиб бериш суммаси
Garden Catering Trade тўғридан-тўғри шартномалар асосида боғчаларга овқат етказиб беришни давом эттирган, уларнинг суммаси 108 млрд сўмдан (8,8 млн доллар) ошган.
2024 йилнинг тўлиқ бўлмаган даври учун компания Қувасой туманидаги боғчаларга овқат етказиб бериш бўйича 2,27 млрд сўмлик шартномалар тузган.
2025 йилда бу сумма сезиларли даражада ошган — 81,3 млрд сўмлик 170 та келишув, шундан 60,8 млрд сўми тўғридан-тўғри шартномалар, 20,4 млрд сўми эса электрон дўкон орқали амалга оширилган.
Garden Catering Trade эндиликда Қува, Фарғона туманлари, шунингдек, Фарғона ва Марғилон шаҳарларидаги боғчаларга кейтеринг хизматларини кўрсатмоқда.
«Газета» ўрганган ҳужжатларга кўра, 2026 йил бошидан буён компания билан яна 25 млрд сўмлик келишувлар имзоланган.
2026 йил 6 февралдаги охирги шартномалардан бирида кўрсатилишича, компания 27 та боғчанинг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларига овқат етказиб бериши керак: 1996 нафар бола учун уч маҳал иссиқ овқат ва 3198 нафар бола учун тўрт маҳал иссиқ овқат.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Бўка, Пскент, Олмалиқ, Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларида 1000 дан ортиқ давлат боғчалари тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган эди. Боғчаларга овқатланишни ташкил этувчи учта аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатган бўлиб, улар сут-қатиқ маҳсулотларини Оққўрғондаги Shark Milk Product корхонасидан сотиб олган. Давлат органлари шу пайтгача ўша текширув натижалари ҳақида маълумот тақдим этмаган.