Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 27/02/2026

Санкт-Петербург губернатори Ҳайрулло Ибодуллаевни «Қутқаришдаги жасорати учун» фарқловчи белгиси билан тақдирлади

Санкт-Петербург (Россия) губернатори Александр Беглов 2026 йил 24 февраль куни деразадан тушиб кетган болани қутқариб қолган Ўзбекистон фуқароси Ҳайрулло Ибодуллаевни «Қутқаришдаги жасорати учун» фарқловчи белгиси билан тақдирлади.

«Қаҳрамонлар турлича бўлади. Баъзан улар қутқарувчи формасида, шифокор халатида, баъзан эса ишчи кийимида бўлишади», — деб ёзди губернатор ўзининг Telegram-каналида.

«Бугун Ҳайрулло Ибодуллаев билан учрашдим. Бутун шаҳримиз унинг жасорати тарихини билади. Иш вақтида у ўзини хавф остига қўйиб, деразадан тушиб кетган 7 ёшли болани тутиб қолди. Жароҳат олди, лекин болани қўлидан чиқармади», — деб таъкидлади шаҳар раҳбари.

«Ҳайрулло клининг компаниясида ишлайди, ўзи тўрт фарзанднинг отаси. Бефарқ бўлмагани, ёрдамга келишга тайёрлиги ва инсонийлиги учун унга «Қутқаришдаги жасорати учун» фарқловчи белгисини топширдим», — дея қўшимча қилди.

Ўзбекистонлик йигитнинг жасорати ҳақидаги хабарлар тарқалгач, президент Шавкат Мирзиёев уни «Жасорат» медали билан тақдирлаган эди. Давлат раҳбарининг фармонида айтилишича, у «кўп қаватли уйнинг юқори қаватидан тушиб кетаётган боланинг ҳаётини сақлаб қолгани, содир бўлган фавқулодда ва мураккаб вазиятда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, халқимизга хос бўлган мардлик, қаҳрамонлик ва фидойилик каби юксак фазилатларни намоён этгани учун» мукофотланган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги кеча унга ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга учиш учун сертификат совға қилган эди. Агентлик вакиллари унинг Қашқадарё вилоятидаги оиласига ташриф буюриб, унинг қаҳрамонлиги барча учун намуна бўлганини таъкидладилар.

Россиянинг «Россия сегодня» медиагуруҳи ва RT телеканали раҳбари Маргарита Симоньян Ҳайрулло Ибодуллаевни марҳум турмуш ўртоғи Тигран Кеосаян номидаги мукофот билан тақдирлади. Унинг миқдори 1 млн рублни (13 минг доллар) ташкил этади. Эркак пулларни Ўзбекистондаги оиласига юборганини маълум қилди.