
Санкт-Петербургда деразадан тушиб кетган 7 ёшли болани қутқариб қолган Ҳайрулло Ибодуллаевга 1 млн рубль (13 минг доллар) миқдоридаги Тигран Кеосаян номидаги мукофот топширилди. Бу ҳақда Россиянинг RT телеканали хабар берди.
Ушбу мукофот «Россия сегодня» медиагуруҳи ва RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян томонидан марҳум турмуш ўртоғи хотирасига, «шунчаки яхши, тўғри инсонларга» ёрдам бериш мақсадида таъсис этилган бўлиб, бу ҳақда унинг ўзи аввалроқ таъкидлаган эди.
Фаррош бўлиб ишловчи Ҳайрулло Ибодуллаев мукофотни кутмаганини айтди. У маблағни Ўзбекистондаги оиласига уй қурилиши ва отасини даволатиш учун юборишини маълум қилди. Унинг тўрт нафар фарзанди бор, ҳаммаси қиз бола.
Бундан бир кун аввал 36 ёшли Ҳайрулло Ибодуллаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Жасорат» медали билан тақдирланган эди.
Болани қутқариш чоғида эркак қўлидан жароҳат олган. 78.ru нашрининг хабар беришича, Петрозаводская кўчасидаги уй аҳолиси у учун пул йиғиш эълон қилган эди.