
Тошкентда яна бир нарколаборатория фош этилди ва кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалари олиб қўйилди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида тўхтатилган Spark автомобилида пойтахтда яшовчи 33, 32 ва 31 ёшли уч нафар шахсдан 37 дона «Тропикамид» ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи прегабалин моддаси бўлган 124 дона капсула мусодара қилинди. Улар интернет-наркодўконга хизмат кўрсатгани аниқланди.
Тергов давомида икки нафар 28 ёшли «закладчик» (наркотик яширувчи) қўлга олинди. Улар орқали Тошкентнинг турли туманларидаги яширин жойлардан жами 1186 дона «Прегабалин» ва 125 дона «Тропикамид» олинди.
Маълум бўлишича, улар кучли таъсир қилувчи моддаларни Сергели туманидаги нарколабораториядан олишган. У ерда 39, 33, 31 ва 26 ёшли тўрт киши ишлаган. Лабораторияда 5130 дона «Прегабалин» капсуласи ва 10 кг шу номдаги модда, 75 флакон «Тропикамид» ва 6 кг «Тропикамид» моддаси, лаборатория ускуналари, шунингдек, 60 минг дона бўш капсула ва флаконлар мусодара қилинди.
Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бошқа бир ҳолатда пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи 39 ёшли шахснинг автомобили ва уйи кўздан кечирилганда 16 227 дона «Прегабалин», 7947 дона «Регапен», 35 дона «Лирика» ва 14 дона «Перге», жами 24 223 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди. У уларни қайта сотиш учун 34 минг долларга сотиб олганини маълум қилди.
Тергов дори воситалари аввалроқ Қирғизистондан Фарғона вилоятига контрабанда йўли билан олиб келинганини кўрсатди. Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши очилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Фарғона вилояти ҳудудида ушбу шахснинг шериклари қидирилмоқда.
2026 йил бошидан бери аниқланган нарколабораториялар
2026 йил бошидан бери ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИВ бир қатор нарколабораториялар фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берган.
Февраль ойида Тошкентда 5,3 кг синтетик наркотик топилган нарколаборатория фош этилди. Яна бири талабанинг ижарага олинган уйида ташкил этилган бўлиб, у ердан 2 кг мефедрон топилди. Андижондаги нарколабораторияда 1,5 тонна прекурсор ва 26 кг мефедрон аниқланди.
Божхона қўмитаси февраль ўрталарида Нидерландиядан ширинликлар кўринишида келган 1,3 кг дан ортиқ клефедрон моддасини тўхтатиб қолди. Юкни қабул қилиб олиши керак бўлган шахснинг манзилида 5,3 кг синтетик гиёҳвандлик моддалари бўлган нарколаборатория топилди. Қўмита хабарида унинг ходимлари 2025 йил бошидан буён 7 та нарколабораторияни аниқлагани айтилган.
Пойтахтнинг Олмазор туманидаги «Шон-шуҳрат» маҳалласи профилактика инспектори хизмат уйида мефедрон ишлаб чиқариш лабораториясини ташкил этган ва товарни криптовалюта орқали сотишдан даромад кўрган. Kun.uz хабарига кўра, суд уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Президент танқиди
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил январь охиридаги йиғилишда гиёҳвандлик воситалари ва уюшган гуруҳларга қарши кураш учун масъулларда наркоканалларнинг асл манбалари ва ҳомийларига чиқиш учун қатъият етишмаётганини айтган эди. Ўшанда Ўзбекистонда уч ой ичида 50 га яқин йирик наркогуруҳ аъзолари қўлга олингани ва ярим тонна наркотик мусодара қилингани хабар берилганди.
2024 йил ноябрь ойида Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази собиқ директори Равшан Маматов беш йил ичида мамлакатда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони 2 баравар, мусодара қилинган моддалар 8,5 баравар, синтетик наркотиклар эса 400 баравар ошганини айтганди. 2025 йилда марказ негизида Гиёҳвандлик воситалари ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилди. Юқоридаги йиғилишдан сўнг президент Равшан Маматовни лавозимидан озод этди.