
«Док-1 Макс» препаратини истеъмол қилиш оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга компенсация тўлаш масалалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатига кирмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаёров 2026 йил 20 февраль куни «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Док-1 Макс»дан жабр кўрган беморларга бошқа барча фуқаролар каби яшаш жойидаги оилавий шифокор орқали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор: компенсация. Афсуски, бу бизнинг вазирлик ваколатига кирмайди. Аллақачон бир нечта суд жараёнлари бўлиб ўтди ва суд қарорлари чиқарилди. Бизнинг вазифамиз, аввал айтганимдек, оқибатларни бошидан кечирган беморларнинг асосий ҳаётий кўрсаткичларини кузатиш ва оилавий шифокор орқали ёрдам кўрсатиш», — деди вазир.
Вазирнинг аниқлик киритишича, амбулатор даволаниш учун поликлиникалар орқали ёрдам берилади, стационар даволанишга эҳтиёж туғилганда эса болаларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида вазир Асилбек Худаёров «Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиш натижасида ногиронликни орттирган болаларга «кафолатланган тиббий ёрдам» кўрсатилаётганини маълум қилган эди. Заҳарланган болалардан бирининг отаси ёрдам ҳақидаги маълумотни ёлғон деб атаган ва боласини соғломлаштириш учун уйини сотиб, қариндошларидан қарз олиб, катта миқдорда маблағ сарфлаганини маълум қилган эди.
Бир гуруҳ ота-оналар 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга суд томонидан белгиланган компенсация пулларини тўлиқ ундириб беришни сўраб мурожаат йўллаган эди.