Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 25/02/2026

АҚШ божхонаси Олий суд қароридан сўнг божларни йиғишни тўхтатади

АҚШ Чегара ва божхона хизмати Дональд Трамп томонидан Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун (IEEPA) асосида жорий этилган божларни йиғишни Шарқий вақт билан 2026 йил 24 февраль куни соат 00:01 дан бошлаб тўхтатади, деб ёзади Reuters.

Юк ташувчилар учун Cargo Systems Messaging Service тизими орқали йўлланган хабарда идора 24 февраль кунидан бошлаб Трампнинг IEEPA доирасидаги аввалги фармонлари билан боғлиқ барча тариф кодларини фаолиятдан чиқаришини маълум қилди.

Чегара ва божхона хизмати Олий суд қароридан бир неча кун ўтиб ҳам нима учун божлар ундирилиши давом этганига изоҳ бермади. Идора хабарида импорт қилувчиларга маблағларни эҳтимолий қайтариш ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

Шу билан бирга, идоранинг хабарида қайд этилишича, йиғимларни тўхтатиш ҳақидаги қарор бошқа асосларда, хусусан, Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонуннинг 232-бўлими ва Адолатсиз савдо амалиёти тўғрисидаги қонуннинг 301-бўлими асосида жорий этилган божларга тааллуқли эмас.

Воқеалар ривожи

2026 йил 20 февраль куни АҚШ Олий суди Трампнинг 1977 йилдаги IEEPA қонуни асосида жорий этган бир томонлама божларига қарши қарор чиқарди. Суд 6-3 овоз билан АҚШ президенти тарифларни жорий этишда ушбу қонунни қўллаш орқали ваколатларини суиистеъмол қилган деб топди.

Трамп ушбу қарорни «шармандалик» деб атади ва Олий суд «хорижий манфаатлар таъсирида» бўлганини даъво қилди. Ўша куниёқ у бошқа ҳуқуқий механизм — 1974 йилдаги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 122-бўлими асосида «барча давлатлар учун» қўшимча 10 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Оқ уйнинг аниқлик киритишича, ушбу бож 2026 йил 24 февралдан кучга киради ва 150 кун давомида амал қилади.

2026 йил 21 февраль куни Трамп АҚШга товарлар импорти учун барча давлатларга қўлланиладиган «глобал бож»ни 10 фоиздан 15 фоизга оширишини айтди. Унинг сўзларига кўра, у Олий суднинг «ўта антиамерикача» қарорини «синчковлик билан, батафсил ва тўлиқ» кўриб чиқиш асосида ушбу қарорга келган. У яқин ойларда унинг маъмурияти «Американи яна буюк қилишда» давом этиш учун янги «ҳуқуқий жиҳатдан йўл қўйиладиган тарифлар»ни белгилаши ва жорий этишини қўшимча қилди.

АҚШ томонидан импорт қилувчилардан IEEPA тарифлари доирасида ундирилган 175 миллиард доллардан ортиқ маблағнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда, деб ёзади New York Times. Олий суд маблағларни қайтариш тартиби тўғрисидаги қарорни АҚШ Халқаро савдо суди ва қуйи судлар ихтиёрига қолдирди.