Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 25/02/2026

Адлия вазири — Ўзбекистонда педофиллар учун умрбод қамоқ жазоси жорий этилиши ҳақида

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайган, шу муносабат билан педофиллар учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда 2026 йил 20 февраль куни «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига бағишланган матбуот анжуманида адлия вазири Акбар Тошқулов маълум қилди.

Журналистлар вазирдан 2026 йилга мўлжалланган давлат дастурига педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш режаси киритилишига қайси омиллар таъсир қилганини сўрашди.

«Сўнгги йилларда биз кўплаб жиноятлар бўйича либераллаштириш йўлидан узоқлашдик. Албатта, ҳар қандай жазодан кўзланган асосий мақсад — жиноятнинг олдини олиш ва жиноятчини қайта тарбиялаш. Ўзингиз яхши биласизки, кейинги пайтларда болалар ва аёлларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар тенденцияси ўзгарди ва жуда мураккаб вазиятлар кузатилмоқда. Биз уларни таҳлил қилдик. Бундан ташқари, хорижий давлатлар, жумладан, яқин қўшниларимиз тажрибаси ўрганилди ва шу асосда бундай жиноятлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш зарур деган хулосага келдик», — деди Акбар Тошқулов.

Вазир айнан қайси давлатлар тажрибаси ўрганилганига аниқлик киритмади. Унинг қўшимча қилишича, жазони кучайтиришдан мақсад — бундай жиноятлар сонини камайтиришдир.

Вазирнинг сўзларига кўра, педофиллар учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш масаласи бир қатор органлар, хусусан, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура ва Олий суд томонидан ишлаб чиқилмоқда.

«Ҳар қандай қонунга ўзгартириш киритишда, аввало, амалиёт ўрганилади, яъни қандай эҳтиёж борлиги, қанча жиноят содир этилгани аниқланади ва хулоса чиқарилади. Албатта, қонун лойиҳаси жамоатчилик учун эълон қилинади», — деб таъкидлади Акбар Тошқулов.

Педофилия учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилган.