
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари пора олганликда гумон қилиниб қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Хабар қилинишича, у хизмат мавқеидан фойдаланиб, қўшни Шеробод туманида яшовчи фуқарога ҳокимият захирасидаги 9 гектар ер майдонини полиз экинлари етиштириш учун 4 ой муддатга ижарага расмийлаштириб бериш эвазига 90 млн сўм сўраган.
2026 йил январь ойида мансабдор шахс 30 млн сўм олган. Қолган 60 млн сўмни Термиз шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида олаётган вақтида қўлга тушган. Операция ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.