
Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси такомиллаштирилди. Ҳозирда ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйиш учун тайёрланмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 6 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди.
У президентнинг 2025 йил 21 апрелдаги фармонига мувофиқ, қонун лойиҳаси бир ой муддатда — май ойи охиригача такомиллаштирилиши керак бўлганини эслатиб ўтди.
«Ҳақиқатан ҳам, давлат раҳбари томонидан ушбу қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва парламентга киритишдан олдин кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш топширилган эди. Лойиҳа ташаббускори бизнинг агентлик бўлгани сабабли, биз уни қайта ишлашни якунладик. Ҳозирда ҳужжатни жамоатчилик муҳокамасига тайёрлаш жараёни кетмоқда. Бу ваколатлар Адлия вазирлигига берилган», — деди Акмал Бурхонов.
Унинг сўзларига кўра, маъмурий ислоҳотлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар туфайли ҳужжатни қайта такомиллаштириш зарурати туғилган.
«Бизда умумий концепция ва уни амалга ошириш босқичлари мавжуд. Бу шундай тизим бўладики, унда энг юқори лавозимли шахслардан бошлаб, парламент ва ҳукумат аъзоларигача декларация топширадилар. Ҳужжат лойиҳаси ҳали 2021—2022 йилларда ишлаб чиқилган эди. Ўшанда платформалар яратилган, уларнинг ишлаши ва интеграцияси масалалари муҳокама қилинган эди. Платформа синов тариқасида Божхона қўмитасида ишга туширилганди», — деб қайд этди агентлик раҳбари.
Бироқ, Бурхоновнинг таъкидлашича, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, лойиҳага тузатиш киритишга тўғри келган.
«Айнан кимлар декларация топшириши шартлиги ҳақида савол туғилди. Қонунда давлат хизматчилари реестрини юритиш кўзда тутилган. Ушбу реестрдан келиб чиқиб, ҳозирда лавозимлар рўйхати шакллантирилмоқда, вазирлик ва идоралардаги давлат хизматчиларига тоифалар ва малака даражалари берилмоқда. Аммо бу жараён ҳали якунлангани йўқ — хусусан, раҳбарлик даражаси учун тоифалар ҳозирча белгиланмаган. Айни пайтда ҳужжат лойиҳаси қонунчилик техникаси жараёнидан ўтмоқда», — дея қўшимча қилди Антикоррупция агентлиги раҳбари.
Қонунчиликка кўра, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри давлат органи даражасидан (миллий, республика, ҳудудий ва туман), малака талабларига мувофиқ унификация қилинган ва таснифланган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари гуруҳлари ва тоифаларидан, шунингдек, лавозимларнинг малака даражаларидан иборат бўлади.
Реестр президент томонидан тасдиқланади ва махсус ваколатли орган (Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ҳозирда — Бошқарув самарадорлиги агентлиги) томонидан юритилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилмаган.
Якунланмаган ислоҳот
Эслатиб ўтамиз, даромадларни декларация қилишни кўзда тутувчи давлат хизмати тўғрисидаги қонунни ҳали 2017 йил сентябрида қабул қилиш режалаштирилган эди, бироқ бу муддат бир неча бор ортга сурилди. 2020 йил 1 январь ва 2021 йил 1 январь каби муддатлар тилга олинган эди.
2021 йил май ойи охирида Антикоррупция агентлиги директори Акмал Бурхонов президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этишни тезлаштиришни топширганини маълум қилганди.
Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ишга тушиши керак эди.
2021 йил 13 ноябрда қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди. 2022 йил август ойида Бурхонов қонун лойиҳаси ва даромадларни декларация қилиш тизими тайёр эканини айтганди. Кейинчалик у халқаро ташкилотларнинг эътирозлари туфайли қонун лойиҳаси такомиллаштирилаётганини қўшимча қилди.
2024 йилда Антикоррупция агентлиги раҳбари даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси деярли тайёр эканини — у вазирлик ва идоралар билан келишилганини ва Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтганини маълум қилганди.
2025 йил март ойида президент даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қисқа муддатларда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиш ва 1 апрелгача кўриб чиқиш учун киритиш ҳақида топшириқ берган эди, аммо бу содир бўлмади.