
2026 йил 19 февраль куни тушдан кейин Наманган вилояти аҳолиси осмонда ёрқин из қолдирган номаълум жисм қулагани ҳақида хабар бера бошлади. Бу ҳолат ер силкиниши, кучли гулдурос ва тутун билан кузатилган.
Маҳаллий Telegram-каналларда тўқ рангли қаттиқ жисм парчаларининг суратлари пайдо бўлди. Баъзилар уйларда дераза ойналари шикастланганини маълум қилган.
«Қора тутун осмонда икки соатча туриб қолди»
Наманган вилоятида истиқомат қилувчи авиаспоттер Маҳмудхон Одилхонов тахминан соат 12:30—13:00 лар атрофида кучли гулдурос эшитганини ва худди зилзила содир бўлаётгандек силкинишни ҳис қилганини айтиб берди. Ўша пайтда у самолётларни кузатиш учун аэропорт яқинида бўлган.
«Бу воқеа аэропорт яқинидаги Юксалиш ҳудудида содир бўлди деб ўйладим ва уйга қайтдим. Яқинларим ҳам гулдурос эшитишганини, овоз тахминан Чуст томондан келганини айтишди. Осмонда икки соат давомида қора тутунни кўриш мумкин эди», — деди йигит.
Унинг қўшимча қилишича, тез орада бошқа вилоятда яшовчи устози қўнғироқ қилиб, Наманганда нима бўлганини сўраган. Сўнг ижтимоий тармоқларда Тошкент марказидан олинган, осмонда ёнаётган из акс этган видеолар пайдо бўлган. «Мен вақтни солиштирдим, у мос келмоқда», — деб таъкидлади Маҳмудхон Одилхонов.
Автомобиль видеорегистраторларидан олинган ва Telegram-каналларда эълон қилинган кадрларда ёзувлар тахминан соат 12:35 да олинганини кўриш мумкин. Бир сонияда ёрқин жисм ғойиб бўлади.
«Бу метеорит экани ҳақида тасдиқ йўқ»
Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти 2026 йил 19 февраль куни берган изоҳида ўрганиш ишлари олиб борилаётганини, аммо ўша вақтда аниқ маълумот йўқлигини билдирган. Маълумотлар пайдо бўлиши билан тафсилотларни эълон қилишга ваъда берилди.
«Бу метеорит ёки бошқа табиий ёки техноген манба экани ҳақида тасдиқ йўқ. Агар Ер юзига етиб келган парчалар бўлмаса, ҳодисанинг табиати ҳақида аниқ хулоса бериш имконсиз», — деб қайд этди институт.
«Илмий ҳисоб-китобларга кўра, Ер атмосферасига ҳар куни миллионлаб майда космик жисмлар кириб келади, аммо уларнинг деярли барчаси атмосферада ёниб кетади. Бир кунда Ер юзига етиб келадиган метеоритларнинг умумий массаси ўртача бир неча ўн тоннани ташкил этади. Шу билан бирга, йирик метеоритларнинг аҳоли пунктлари ҳудудига тушиш эҳтимоли жуда паст», — дейилади хабарда.
ФВВ матбуот хизмати Наманган вилоятида бирор-бир ҳодиса юз бергани ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилди.