
Ўзбекистонда стартапларни қўллаб-қувватлашнинг ғоядан экспорт бозорларига чиқишгача бўлган тўрт босқичли тизимини яратиш режалаштирилмоқда. 2030 йилгача стартаплар сонини 5000 тага етказиш ва 2 млрд доллар венчур инвестицияларини жалб қилиш кўзда тутилган. Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 11 февралдаги қарорида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача, шунингдек, 500 та стартапни қиймати 1 млн доллардан ортиқ бўлган, 100 тасини 10 млн доллардан ортиқ ва 25 тасини 100 млн доллардан ортиқ бўлган компанияларга айлантириш режалаштирилган. Шу билан бирга, 20 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, 2000 та ёшлар ғоясини тижоратлаштириш ва камида 400 та ёшлар стартапини халқаро бозорларга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Экотизим тўрт босқични ўз ичига олади: ғояни шакллантириш, лойиҳани ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва кенгайтириш. Ушбу тизимни молиялаштириш учун 2026—2027 йилларда 160 млн доллар ва 130 млрд сўм йўналтириш топширилди.
Жумладан:
- технологиялар соҳасидаги стартап ва бизнес лойиҳаларга Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 100 млн доллар;
- «Фондлар фонди» ва IT Park Ventures венчур фондлари учун 2026—2027 йилларда 50 млн доллар;
- ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва Yoshlar Ventures венчур фонди учун Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 млн доллар эквивалентидаги маблағлар;
- Инновацион ривожланиш агентлиги танлови натижаларига кўра стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани ривожлантириш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 30 млрд сўм;
- UzVC миллий венчур фондига 2026—2027 йилларда республика бюджети ҳисобидан 100 млрд сўм ажратилади.
Мактаб танловлари ва 100 млн сўмгача грантлар
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб коллеж, техникум ва мактабларда (9−11-синфлар) ойида икки марта «Маҳорат ва бизнес соати» тадбирлари ўтказилади. Ўқувчилар ўртасида «Энг яхши стартап ғоя» танлови ташкил этилиб, мукофот жамғармаси туман босқичида 5 млн сўмгача, вилоят босқичида 10 млн сўмгача бўлади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили «Энг инновацион ғоя» республика танлови ўтказилади. Олийгоҳ босқичи ғолиблари 100 млн сўмлик грант оладилар, республика босқичининг соврин жамғармаси эса 10 млрд сўмни ташкил этади. Давлат венчур фондларига идеатон ва ҳакатон ғолибларига конвертация қилинадиган заём шаклида 20 минг долларгача, рақамли лойиҳалар учун эса 10 минг долларгача грантлар тақдим этишга рухсат берилди.
R&D марказлари ва 50 минг долларгача бўлган ваучерлар
2027 йилдан бошлаб олийгоҳлар, ёшлар технопарклари қошида ҳамда Нурафшон шаҳрида тадқиқот ва ишланмалар марказларини (R&D) ташкил этиш режалаштирилмоқда. Улар лабораториялар, 3D-принтерлар, коворкинглар ва синов майдончалари билан жиҳозланади.
МVP (маҳсулотнинг дастлабки босқичи) яратиш харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаш учун 50 минг долларгача бўлган «R&D-ваучер» жорий этилади. 2026 йил 1 сентябрдан «Олийгоҳлар — стартаплар генератори» дастури бошланади. Университетларда IT-парклар ва венчур фондлари билан ҳамкорликда талабалар акселераторлари ташкил этилади. Олийгоҳларга талабалар ва илмий ходимларнинг истиқболли лойиҳаларига 20 минг долларгача ўз маблағларини инвестиция қилишга рухсат берилади.
IT-парк резиденти мақоми ва имтиёзлар
2026 йил 1 апрелдан «Рақамли стартаплар» дастури иштирокчиларига минимал экспорт ҳажми талабисиз автоматик равишда IT Park Uzbekistan резиденти мақоми берилади. Шунингдек, экотизим иштирокчиларининг халқаро акселераторларда ўқиш ва иштирок этиш харажатлари (20 минг долларгача), патентлаш ва товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш харажатлари 50 фоизгача қоплаб берилади.
Ёшлар лойиҳалари 5 йил муддатга (бир йиллик имтиёзли давр билан) 5 млрд сўмгача фоизсиз қарзлар ва инкубация дастурларида қатнашиш учун грантлар олишлари мумкин бўлади.
Стартап-клублар ва «Стартап-экспо»
2026 йил апрелидан ҳудудларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раҳбарлигида «Стартап-клублар» ташкил этилади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили инвесторлар, банклар, давлат органлари ва олийгоҳлар иштирокида «Стартап-экспо» кўргазмаси ўтказилади.
Муваффақиятли лойиҳалар реестрига киритилган стартаплар учун давлат шартномалари бўйича юқорироқ олдиндан тўлов миқдори белгиланади — 500 млн сўмгача бўлган харидларда 50 фоиз ва ундан юқори бўлган харидларда 30 фоиз.
Хорижий бозорларга чиқиш
Муваффақиятли лойиҳалар реестридаги стартапларга хорижда компания ёки филиаллар очиш учун алоҳида рухсатномаларсиз йилига 500 минг долларгача маблағни чет эл ҳисоб рақамларига ўтказишга рухсат берилади. Вазирликларга хорижда ишлаётган стартаплар рўйхатини шакллантириш ва виза талабларини соддалаштириш бўйича музокаралар ўтказиш топширилди.
Ҳужжат ижросини мувофиқлаштириш билан Стартаплар экотизимини ривожлантириш бўйича янгиланган Мувофиқлаштирувчи кенгаш шуғулланади. Унга бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилади.