
Ҳилола Ўктамовна Умарова президент қарори билан мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бир вақтнинг ўзида у Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети ректори лавозимини ҳам эгаллайди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Куни кеча Ҳилола Умарова Президент администрацияси раҳбарининг таълим ислоҳотлари масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган эди (унинг ўрнини Илҳом Сиражев эгаллади). У ушбу лавозимда 2025 йил июль ойидан буён ишлаб келаётган эди. Бунгача — 2023 йил якунидан бошлаб — мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлиб фаолият юритган.
Ҳилола Умарова 1988 йилда туғилган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Тошкентдаги Инҳа университети бош менежери (2019), Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директори (2020) ва Президент таълим муассасалари агентлиги директори (2020−2022) лавозимларида ишлаган.