Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/02/2026

Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистонда муҳтожларга ёрдам кўрсатилади

2026 йил 19 февралдан бошланадиган Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистонда эҳтиёжманд фуқаролар қўллаб-қувватланади. Бу ҳақда 16 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда сўз борди.

Хабар қилинишича, «Рамазон — меҳр-оқибат, бирлик ва шукроналик ойи» шиори остида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, уларни амалга ошириш учун «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 млрд сўм ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 млрд сўм маблағ ажратилмоқда.

«Ажратилаётган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даволаниши ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Хотин-қизларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш

Йиғилишда президент хотин-қизларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни ҳар томонлама маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашни таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди, деб қайд этади давлат раҳбари матбуот хизмати.

Аввалроқ у турли радикал ва экстремистик ғоялар ахборот технологиялари орқали ёшлар онгига таъсир ўтказишга уринаётган шароитда, бу муаммони фақат жазо ва тақиқлар билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаган эди.

Шавкат Мирзиёев ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоийлаштириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилалари билан индивидуал ишлаш, тиббий ва психологик кўмак бериш, шунингдек, касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.

У ҳар бир маҳаллада муҳтож оилалар рўйхатини аниқ ва шаффоф шакллантириш, шунингдек, фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ёрдамни тенг ва адолатли тақсимлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.