
Ҳилола Ўктамовна Умарова бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбарининг таълим ислоҳотлари масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
У ушбу лавозимни 2025 йил июль ойидан буён эгаллаб келаётган эди. Бунгача у 2023 йил якунидан 2025 йилгача мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлиб ишлаган.

Умарова 1988 йилда туғилган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. 2019 йилда Тошкентдаги ИНҲА университети бош менежери, 2020 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директори, 2020 йилдан 2022 йилгача Президент таълим муассасалари агентлиги директори лавозимларида фаолият юритган.
Янги раҳбар
Ушбу лавозимга Илҳом Тоҳирович Сиражев тайинланди. У 2025 йил сентябрь ойидан буён Президент администрацияси раҳбари ўринбосарининг таълим ислоҳотлари масалалари бўйича бўлинмасида лойиҳа координатори бўлиб ишлаб келаётган эди.
2006—2017 йилларда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ва Тошкент шаҳар ўқувчилар техник ижодиёт марказида турли лавозимларда ишлаган.
2017—2023 йилларда Халқ таълими вазирлигида бош иқтисодчи, Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бош бошқармаси бошлиғи, Молиявий таҳлил ва режалаштириш бошқармаси бошлиғи, Молия департаменти директори лавозимларида фаолият юритган.
Илҳом Сиражев Хитойда ташкил этилган «Стратегик режалаштириш, рақамли трансформация, халқаро ҳамкорлик ва самарали бошқарув» йўналишлари бўйича таълим соҳаси экспертлари учун халқаро семинарда, шунингдек, бир қатор халқаро таълим лойиҳаларида иштирок этган.
У педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва «Таълимда менежмент» йўналиши бўйича доцент илмий унвонига эга.