
Ўзбекистон 2028 йилда 6U форматидаги «Мирзо Улуғбек» номли ўзининг биринчи илмий сунъий йўлдошини учиришни ният қилган. Бундан ташқари, илк маҳаллий фазогирни тайёрлаш бўйича ишлар бошланган. Бу ҳақда 2026 йил 16 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевга «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан ўтказилган тақдимотда сўз борди.
Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йилларидаги илк сунъий йўлдошини учириш ва биринчи фазогирини юбориш режалари ҳақида президент декабрь ойида парламент ва халққа йўллаган мурожаатномасида маълум қилган эди.
Шавкат Мирзиёев космик соҳада узоқ муддатли ва барқарор миллий тизимни — сунъий йўлдошларни бошқариш, маълумотларга ишлов бериш ва уларни амалий қўллаш инфратузилмасини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Мақсад — мамлакатни суверен ва холис ахборот манбаи билан таъминлашдан иборат.
Ҳозирги вақтга келиб, хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди ва бўлажак сунъий йўлдошнинг аниқлиги ҳамда фойдали юкламасига қўйиладиган техник талаблар белгилаб олинди. Мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислар жамоасини шакллантиришни бошлаш режалаштирилган.
«Стратегик вазифа»
Биринчи маҳаллий фазогирни тайёрлаш ва унинг коинотга парвозини ташкил этишни президент стратегик вазифа деб атади.
«Бу шунчаки рамзий қадам эмас, балки мамлакатимиз илмий салоҳияти, ёшларимиз интилишлари ва миллий ғуруримизнинг ифодаси бўлади», — деди давлат раҳбари.
Фазогирнинг илк парвози қисқа муддатли — 10−14 кун бўлиши кутилмоқда. Тақдимотда бу каби парвозларни ташкил этишда халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Президент маҳаллий фазогирнинг коинотга парвози аниқ илмий дастурни амалга ошириш билан узвий боғлиқ бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу илмий салоҳиятни ривожлантиришга, янги лойиҳалар ва технологик ташаббусларнинг пайдо бўлишига, шунингдек, ёшларнинг илм-фан ва техникага бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилиши лозим.
Коинотда ўтказилиши мумкин бўлган тадқиқот йўналишлари сифатида тиббиёт ва биология (масофавий диагностика, маҳаллий доривор экстрактлар самарадорлигини ўрганиш), ўсимликлар генетикаси (қурғоқчилик ва шўрга чидамли навларни синаш, ёпиқ агробиосистемаларни моделлаштириш), шунингдек, материалшунослик (материаллар, мато ва толаларни иссиқлик тўплаш ва чиқариш борасида синовдан ўтказиш) таклиф этилди.
2028 йилда Самарқандда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказиш режалаштирилган. Унда иштирок этишга АҚШ, Европа, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бошқа мамлакатларнинг космик ташкилотлари аллақачон қизиқиш билдирган, дейилди тақдимотда.