
Ўзбекистон 2026 йилда энергиядан оқилона фойдаланиш тизимига ўтишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент иштирокида 2026 йил 13 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда сўз борди, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатуви.
Президент томонидан баён этилган режаларга кўра, 917 мингта кўча чироқларини қуёш панеллари ҳамда ёруғлик даражасига қараб чироқни автоматик равишда ёқиб-ўчирувчи датчиклар билан жиҳозлаш орқали электр энергияси истеъмолини 330 млн кВт·соатга қисқартириш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш бўйича қатъий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳозирги вақтда 1 долларлик қўшилган қиймат яратиш учун сарфланадиган энергия миқдори 15 фоизга камайган, бу эса маҳсулот таннархининг пасайишига олиб келиши керак.
«Бизда кичик ва ўрта корхоналар йилига 5 млрд кубометр газ ва 20 млрд кВт·соат электр энергияси истеъмол қилади. Менинг топшириғимга биноан, харажатларни камайтириш имкониятларини аниқлаш мақсадида ҳудудлардаги 300 та корхонанинг энергия истеъмоли таҳлил қилинди», — деди.
Мисол учун, агар «Namangan Life Stones» корхонаси янги энергия тежовчи инвертор ўрнатса, бетон таннархи 5−6 фоизга арзонлашади. Андижондаги «Swork Timur Tex» корхонасида «ақлли» ёритиш тизими жорий этилса ёки қуёш панеллари ўрнатилса, трикотаж маҳсулотлари таннархи 7 фоизга камаяди, деди президент.
«Бу кичик ва ўрта корхоналар энергия самарадорлигини оширишнинг янги тизими бўлади», — деб кўрсатиб ўтди давлат раҳбари.
Президент Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори Зиёвиддин Бадриддиновга бир ҳафта муддатда ушбу ташаббусни амалга ошириш бўйича лойиҳа гуруҳини тузиш топшириғини берди.
Икки ой ичида кичик ва ўрта корхоналар учун энергия самарадорлигини ошириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилиши лозим.
Ушбу корхоналарда энергия тежовчи чораларни амалга ошириш учун 100 млн доллар миқдоридаги имтиёзли ресурсларни жалб қилиш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев масъул шахслар ва ҳокимлар 2026 йилда кичик ва ўрта корхоналарда 100 млн кубометр газ ва 500 млн кВт·соат электр энергияси тежалишини таъминлаши шартлигини баён қилди.
2026 йил 1 майга қадар 10 млн доллар миқдорида грантлар жалб қилиш ва мамлакатнинг ҳар бир туманидаги энергия истеъмоли энг юқори бўлган бештадан корхонада энергия аудитини бошлаш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 19 та стратегик корхона раҳбарлари харидлар тизимини, логистикани такомиллаштириш, рақамлаштириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишларни кучайтириши кераклигини кўрсатиб ўтган эди. Ушбу чоралар ҳисобига маҳсулот таннархи 10−20 фоизга камайтирилиши лозим.