
2026 йилда Ўзбекистон бозорида бешта янги автомобиль модели тақдим этилади. Бу ҳақда 13 февраль куни президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Розуқулов маълум қилди.
Давлат раҳбари мамлакатда йиллик умумий қуввати 650 минг автомобиль бўлган 4 та йирик корхона — GM, BYD, ADM Jizzakh ва Asaka Motors фаолият юритаётганини таъкидлади. У автомобиллар ишлаб чиқаришни 460 мингтадан 510 мингтага ошириш бўйича топшириқ берди. Сотувларни рағбатлантириш мақсадида автокредитлар бўйича фоиз ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда.
Розуқулов янги автомобилларга талаб ортиб бораётганини қайд этди.
«Иккинчи йирик йўналиш — янги моделларга ортиб бораётган талаб. Жорий йилнинг ўзидаёқ, муҳтарам президент, бозорда 5 та янги модель тақдимоти бўлиб ўтади. Янги Damas чиқди. Тез орада сотувларни бошлаймиз. Хоразмда топшириқ берган эдингиз. Йиғилиш бўлган вақтда лойиҳа тўлиқ ўзлаштирилган эди. Бу йил чиқади. Янги Captiva, Traverse ва Kia моделлари — ўзимизда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар пайдо бўлади», — деди Розуқулов.
У шунингдек, BYD заводи бўйича Хитой томони билан эришилган келишувлар ҳақида хабар берди.
«Бундан ташқари, BYD заводи бўйича жиддий ўзгаришлар юз берди. Хитой томони Yuan Up моделини таклиф қилди. Ҳозир бу дунёдаги энг кўп сотилаётган Yuan Up модели ҳисобланади. Биргина шу автомобилнинг ўзи бўйича бозоримизда 25 минг доналик салоҳиятни белгилаб олдик. Хитой томони рози бўлди ва бу йил ушбу модель Жиззахдаги заводда ишлаб чиқарилади», — деб баёнот берди «Ўзавтосаноат» раҳбари.
BYD Yuan Up — бу Хитойнинг энг йирик ишлаб чиқарувчисига тегишли, шаҳар учун e-Platform 3.0 базасида яратилган ихчам электр кроссовер (B-SUV) ҳисобланади. Автомобиль 401 км гача масофани босиб ўтиш имконини беради.
Yuan Up Ўзбекистонда 2024 йил охирида тақдим этилган эди. «Ўзавтосаноат» маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат бозорида ушбу моделдаги 6242 та электромобиль сотилган (сотувлар бўйича 8-ўрин).
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистонга 79 822 та енгил автомобиль импорт қилинган, бу миқдор жиҳатидан 2024 йилга (74 505) нисбатан 7,1 фоизга кўп. Шу билан бирга, етказиб бериш ҳажми доллар ифодасида 8 фоизга — 1,28 миллиарддан 1,17 миллиард долларгача камайган.
Бензинли автомобиллар импорти 40 фоизга қисқарган бўлса, электромобиллар етказиб бериш 2,4 баробар ошган. Натижада импорт таркибида электрокарлар улуши 32 фоиздан 71 фоизгача ўсган, ички ёнув двигателли машиналар улуши эса 44 фоиздан 25 фоизгача камайган.
2025 йил декабрь ойи охирида президент Ўзбекистонда электромобилларга ўтиш учун автокредитлар қиймати пасайтирилишини маълум қилган эди. Маҳаллий электрокарлар учун кредит ставкаси 12 фоизни, импорт қилинадиганлари учун эса 16 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, электромобиллар импорти учун утилизация йиғими аввалроқ бир неча баробар оширилган эди.