
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 13 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 510 минг донага етказиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Мамлакатда йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 650 минг автомобиль бўлган тўртта йирик корхона фаолият юритмоқда. 2025 йил якунларига кўра, енгил автомобиллар ишлаб чиқариш 457,9 мингтани ташкил этди, бу 2024 йилдагига (429,1 минг) нисбатан 6,7 фоизга кўп. 2026 йил учун ишлаб чиқаришни 11,4 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, 300 дан ортиқ маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида яна 763 турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Маҳаллий автомобилларга бўлган талабни рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкаларини пасайтириш ва автокредитлар ажратиш ҳажмини ошириш чораларини кўриб чиқиш топширилди.
Бундан ташқари, деҳқон ва фермерлар орасида боғдорчилик тракторлари, кўчат экиш, ҳосилни йиғиштириш ва картошка қазиш техникаларига талаб ортиб бораётгани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Чирчиқдаги кластер тўлиқ қувватга чиқиб, агротехникалар ҳамёнбоп нархларда чиқарилса ҳамда лизинг компаниялари орқали қулай молиявий воситалар яратилса, фермерлар ҳар йили камида 15 минг дона техника сотиб олишга тайёрлигини билдирди.
Умуман олганда, автомобиль саноатини ривожлантириш учун масъулларга мавжуд имкониятларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва жорий йилги ишлаб чиқариш дастурини 10,5 фоизлик ўсишни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш топширилди.
Президент таъкидлаганидек, охирги уч йилда саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга ошган. Бироқ автомобилсозликда бу кўрсаткич атиги 20,7 фоизни, электротехникада — 29,3 фоизни, озиқ-овқат саноатида — 30,1 фоизни, чарм соҳасида — 33,4 фоизни, кимё саноатида эса 40,4 фоизни ташкил этмоқда, бу қўшилган қиймат даражаси ҳамон пастлигидан далолат беради.
UzAuto Motors компанияси 2023 йилнинг ўзидаёқ 500 мингта автомобиль ишлаб чиқаришни, истиқболда эса йилига 1 миллион дона кўрсаткичга чиқишни режалаштирган эди, бироқ ўтган йили оммабоп Cobalt, Damas ва Onix моделларини ишлаб чиқариш камайди. Chevrolet брендининг бозордаги улуши 83,2 фоизгача тушди, Хитой ва бошқа брендлар ишлаб чиқарилиши эса бир неча баробар ошди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга 79 822 та енгил автомобиль импорт қилинган, бу миқдор жиҳатидан 2024 йилга (74 505) нисбатан 7,1 фоизга кўп. Шу билан бирга, етказиб бериш ҳажми доллар ифодасида 8 фоизга — 1,28 миллиарддан 1,17 миллиард долларгача камайган.
Бензинли автомобиллар импорти 40 фоизга қисқарган бўлса, электромобиллар етказиб бериш 2,4 баробар ошган. Натижада импорт таркибида электрокарлар улуши 32 фоиздан 71 фоизгача ўсган, ички ёнув двигателли машиналар улуши эса 44 фоиздан 25 фоизгача камайган.
2025 йил декабрь ойи охирида президент Ўзбекистонда электромобилларга ўтиш учун автокредитлар қиймати пасайтирилишини маълум қилган эди. Маҳаллий электрокарлар учун кредит ставкаси 12 фоизни, импорт қилинадиганлари учун эса 16 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, электромобиллар импорти учун утилизация йиғими аввалроқ бир неча баробар оширилган эди.