Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 17/02/2026

«Давлат манфаатлари дўстликдан устун». Жапаров Ташиевнинг ишдан бўшатилишига изоҳ берди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров жамиятда бўлинишнинг олдини олиш мақсадида Қамчибек Ташиевни бош вазир ўринбосари — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси лавозимидан озод этганини маълум қилди.

«Агар ўз вақтида шундай қатъий қадамларни ташламаганимда, бу оддий фуқароларга ҳам ўтиши мумкин эди ва халқ ҳам иккига бўлина бошларди», — деди у «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Жогорку Кенешда (парламентда) низо етилишни бошлаган, у ерда бир гуруҳ депутатлар парламентарийларни Ташиев тимсолидаги «генерал томони» ва «президент томони»га ажрата бошлашган. Кейинчалик, Жапаровнинг таъкидлашича, улар муддатидан олдин сайловлар ўтказиш учун имзо тўплашга киришган.

«Менда депутатлар ва айрим давлат хизматчиларини „генерал“ билан қўрқитишгани ҳақида фактлар бор эди. Уларга: „Агар бизнинг томонимизга ўтмасанг, генерал билан ҳисоблашасан“, дейилган. Айнан шунинг учун ҳам мен ушбу қарорни қабул қилишга мажбур бўлдим», — деб қайд этди Қирғизистон президенти.

У Ташиевни ишдан бўшатишдан олдин унга қўнғироқ қилганини ва «бу ерда содир бўлаётган вазиятни тушунтирганини» ишонтириб айтди.

«Ўйлайманки, бу тезкор қарорим билан мен, аксинча, дўстимни асраб қолдим. Чунки унинг ёнида бўлганлар… дўстимни тўғри йўлдан оздиришган эди… Бу давлат аппарати ходимлари ва жамият ўртасида бўлинишга, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган тўқнашувларга олиб келиши мумкин эди», — деди Жапаров.

«Конституция президент зиммасига давлат яхлитлигини, халқ ва давлат хизматчиларининг бирдамлигини сақлаш мажбуриятини юклайди. Мен ушбу мажбуриятни қатъий бажардим. Чунки давлат ва бутун халқ манфаатлари лавозимлардан ҳам, дўстликдан ҳам устун туради», — дея қўшимча қилди.

Журналист Жапаровдан 2021 йилги сайловлар олдидан у ва Ташиев ўртасида «бир муддат — у, бир муддат — яқин дўсти» деган келишув бўлгани ростми, деб сўради. Президент давлатни ким бошқаришини «бир ҳовуч одамлар эмас, балки Қирғизистон халқи ҳал қилишини» айтди.

Жапаров, шунингдек, Ташиев билан дўстлиги сақланиб қолишини таъкидлади. «Менинг қарорим давлатимиз ва халқимиз тинчлиги ҳамда бирдамлиги йўлида қабул қилинди. Дўстлигимизни бирор лавозим ёки манфаатларга боғлаш нотўғри», — деди.

Қамчибек Ташиев ва унинг ўринбосарлари 2026 йил 10 февраль куни истеъфога чиқарилган эди. МХДҚ раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Жумгалбек Шабданбеков тайинланди. У 2020 йилдан буён МХДҚ раиси ўринбосари ва 9-хизмат бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ташиевнинг ўзига кўра, ишдан бўшатиш ҳақидаги хабар у учун «мутлақо кутилмаган» ҳол бўлган. У ўша пайтда Германияда даволанаётганини айтди. «Нима бўлган тақдирда ҳам, биз президент қарорини ижро этишга мажбурмиз. Мен давлатимизга, халқимизга ва президентимизга ҳалол хизмат қилдим ва бундан фахрланаман!» — деб баёнот берди МХДҚ собиқ раҳбари.