
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 13 февраль куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманига ташрифи давомида Enco Group юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Хабарда қайд этилишича, иқтисодиёт ва аҳолининг ўсиши мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини ҳамда юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини ривожлантириш заруратини оширмоқда. Ички ва ташқи бозорларда юқори кучланишли кабелларга барқарор талаб сақланиб қолмоқда.
Enco Group корхонаси Eltech Industrial технопаркининг 21 гектар майдонида Беларуссиянинг «Энергокомплект» компанияси билан ҳамкорликда барпо этилмоқда. Лойиҳа қиймати қарийб 60 миллион долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, 600 та янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда. Корхона йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши, экспорт салоҳияти эса 300 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.
Қурилиш ишларининг биринчи босқичи 98 фоизга бажарилган бўлиб, 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилган. Корхона маҳсулотларини Германия, Латвия, Эстония, Болгария ва МДҲ давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йиллик экспорт ҳажми 140 миллион долларни ташкил этиши керак.
2025 йили Ўзбекистонга қарийб 400 миллион долларлик юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ва изоляцияланган мис шиналари импорт қилинган. Корхона тўлиқ қувватга чиққанидан кейин 150 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Марказий Осиёда ушбу соҳада фаолият юритаётган 12 та корхонанинг 4 таси Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади, дейилади хабарда.
Президентга корхонани ривожлантириш режалари, ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот турларини кенгайтириш, шунингдек, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Президент саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.