
Бизнес вакиллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида бозор назоратига ўтишни қўллаб-қувватладилар. Бу ҳақда 2026 йил 12 февраль куни президентга тақдим этилган ислоҳот тақдимоти чоғида маълум қилишди.
Тадбиркор, Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси ва савдо ва хизмат кўрсатиш ассоциацияси раиси Зафар Ҳошимов ислоҳотлар муҳокамасида бизнес иштироки муҳимлигини таъкидлади.
«Биз, тадбиркорлар билан ишлаш, менинг назаримда, жуда тўғри қарор, чунки бу ҳужжатлар ҳар томонлама, жумладан, бизнес вакиллари томонидан ҳам кўриб чиқилиши керак», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.
Унинг сўзларига кўра, амалдаги тизим маҳсулот бозорга чиқишидан олдин дастлабки назоратни назарда тутади.
«Бу бозорга чиқишдан олдин содир бўладиган назоратдир. Бу бугунги кунда нимани англатади? Мен сертификат олгунимча бозорга чиқа олмайман», — деди.
Тадбиркор мисол тариқасида нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги вазиятни келтирди: «Мана, биз тандирда ёппа нон ёпамиз, унга седана сепамиз. Агар биздан унга жизза сепишни сўрашса, ҳар бир дўкон учун олти ойлаб сертификат олишимизга тўғри келади».
У янги моделга ўтиш орқали бизнесга тушадиган юклама ва транзакция харажатлари камайишини, аммо ишлаб чиқарувчининг масъулияти ошишини таъкидлади.
«Агар нонимиз ўхшамаса ва кимдир эътироз билан келса, ҳозир биз: „Бизда сертификат бор. Унда ким жавобгар? Тадбиркор эмас, давлат жавобгар“, деб айтишимиз мумкин. [Янги тизимда] тадбиркор масъулиятни ўз зиммасига олади, маҳсулот чиқаради, бозор эса унинг сифатига баҳо беради», — деди.
Зафар Ҳошимовнинг баҳолашича, ушбу ҳужжат чуқур ишлаб чиқилган, унинг устида ойлаб ишлашган. У таклиф қилинаётган ўзгаришлар «саноатни модернизация қилиш учун пойдевор» ва «ҳақиқий бозор иқтисодиётини қуриш сари ташланган катта қадам» бўлишига ишонади.
Тадбиркор, шунингдек, ислоҳот «Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун платформа» эканини ва бутун иқтисодиёт трансформацияси учун асос яратишини қайд этди.
«Мен катта умид боғлаяпман. Агар бугунги тақдимот якунларига кўра ушбу қарорлар қабул қилинса, бу, менинг фикримча, саноат учун аҳамияти жиҳатидан конвертация очилишига тенг қадам бўлади», — деди Ҳошимов.
Global Textile компаниялар гуруҳи раҳбари Музаффар Раззоқов ислоҳот президент ташаббуси билан амалга оширилаётганини ва либераллаштириш ҳамда бозор тамойилларига яқинлашишга қаратилганини айтди.
«Гап тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш, импорт ва экспорт учун энг катта тўсиқларни — биринчи навбатда сертификатлаш ва стандартлаштириш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш ҳақида бормоқда», — деди.
Унинг сўзларига кўра, янги тизимга ўтиш 30–40 йил давомида амал қилган техник талабларни бекор қилиш ва масъулиятни тадбиркорларга топширишни англатади. «Давлат халақит бермайдиган ва зарар етказмайдиган назорат тизимини яратади, сифатни эса бозорнинг ўзи тартибга солади», — деди Музаффар Раззоқов.
У, шунингдек, ислоҳотлар тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилинаётгани ва уларнинг таклифлари қарорлар шаклланишида ҳисобга олинаётганини таъкидлади.
Корхоналар назоратидан — бозор назоратига
Йиғилишда маҳсулотни баҳолашда корхоналар фаолиятини текшириш бўйича амалдаги амалиёт бизнеснинг норозилигига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Қоидабузарликлар аниқланганда, текширувчилар кўпинча муайян товар партияси айланмасини эмас, балки бутун корхона фаолиятини тўхтатиб қўядилар.
Ривожланган мамлакатларда хавф-хатарларни таҳлил қилишга асосланган бозор назорати тизими қўлланилади. Ишлаб чиқарувчи товарнинг стандартларга мувофиқлигини ўзи декларация қилади ва унинг сифати ҳамда хавфсизлиги учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Шу сабабли давлат назоратидан босқичма-босқич воз кечиш ва бозор назорати механизмларига ўтиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун алоҳида «Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланди.
Бундан ташқари, хавф-хатарларни таҳлил қилиш асосида баҳолашни жорий этиш, қолган товар позициялари бўйича мажбурий сертификатлаштиришни бекор қилиш ва босқичма-босқич мувофиқликни декларациялашга ўтиш кўзда тутилган.
Ислоҳотлар доирасида янги «Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш режалаштирилган.