
Сеул марказий туман суди Жанубий Корея собиқ ички ишлар вазири Ли Сан Минни 2024 йил декабрь ойида собиқ президент Юн Сок Ёл томонидан ҳарбий ҳолат жорий этилишига кўмаклашгани учун етти йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди, деб хабар беради Yonhap.
Суд собиқ вазирни исёнга уринишда асосий роль ўйнаганликда айбдор деб топди, суднинг фикрича, ҳарбий ҳолат жорий этилиши айнан исён деб баҳоланган.
Прокуратура Ли Сан Минни Юн Сок Ёлга кўмаклашишда, шунингдек, полиция ва ўт ўчирувчиларга ўша пайтдаги маъмуриятни танқид қилган оммавий ахборот воситалари фаолият юритаётган биноларда электр энергияси ва сувни ўчириб қўйишни буюрганликда айблаб, 15 йил қамоқ жазосини сўраган эди.
«Исён ҳаракатлари демократиянинг асосий қадриятларига зарар етказади ва улар ўз мақсадларига эришганми-йўқми, бундан қатъи назар, қаттиқ жазо муқаррар», — деди судья ҳукмни эълон қилиш пайтида.
Суд жараёнида Ли Сан Мин ҳарбий ҳолатни режалаштиришда иштирок этганини рад этди ва собиқ президентнинг фармонини исён эълон қилиш деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Ли Сан Мин 2024 йил 3 декабрда ҳарбий ҳолат жорий этилгани учун судланган Юн Сок Ёл кабинетининг иккинчи аъзоси бўлди. 2026 йил январь ойида собиқ бош вазир Хан Дук Су исён ташкилотчисига (бунда Жанубий Корея собиқ президенти назарда тутилган) кўмаклашгани учун 23 йилга қамоқ жазосини олган эди.
Юн Сок Ёлнинг ўзига нисбатан мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниш билан боғлиқ 8 та жиноят иши қўзғатилган. Исён иши бўйича айблов томони унга ўлим жазосини сўраган. Ҳукм 19 февраль куни эълон қилиниши керак.