
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 12 февраль куни Судьялар олий кенгаши раисининг ахборотини тинглади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Судьялар олий кенгаши судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларни ташқи босимдан ҳимоя қилиш учун бевосита масъул, дейилади хабарда. 2025 йилда кенгаш ваколатлари кенгайтирилди. Кенгаш илк бор 135 нафар номзодни судьялик лавозимига тайинлади, 286 нафар судья қайта тайинланди, 241 нафар тергов судьясидан иборат корпус шакллантирилди.
2025 йил давомида 59 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Шу жумладан, 19 нафар судья қасамёди ва Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод этилди, 3 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилди, 58 нафар судьянинг лавозими пасайтирилди. Баҳолаш якунларига кўра, 33 нафар судья кейинги тайинловга нолойиқ деб топилди, 266 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди.
Судлар фаолиятига аралашиш ҳолатлари бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилди. Кенгаш сайтида судьяларнинг дахлсизлиги бузилиши ҳақида тезкор хабар бериш имконияти яратилди.
Судьялар мустақиллигини таъминлаш доирасида ҳудудий судлар раислари томонидан чиқарилган 6000 дан ортиқ буйруқ ўрганилди — маълум бўлишича, 231 та буйруқ билан 314 нафар судьяга одил судловни амалга оширишга алоқадор бўлмаган вазифалар юкланган. Қоидабузарликлар бартараф этилди.
Судьяларни ўзларига хос бўлмаган функциялардан озод қилиш мақсадида судлар фаолиятининг кадрлар, моддий-техника ва ташкилий масалалари учун масъул бўлган «суд маъмуриятчилиги» институтини ташкил этиш соҳасида хорижий тажриба ўрганилмоқда.
Интизомий жазоларни холис қўллаш учун судьяларнинг интизомий ҳайъатини тузиш таклиф этилди.
Тадбирда судьялар ва уларнинг оила аъзоларининг мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш, судлар аппаратида комплаенс-назоратни йўлга қўйиш, шунингдек, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишнинг шаффоф тартибини белгилаш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Бундан ташқари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш сиёсати доирасида суд тизимида гендер тенглиги масаласи муҳокама қилинди. 10 март — Халқаро аёл судьялар кунини нишонлаш бўйича режалар белгилаб олинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларни қўллаб-қувватлади ва суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини изчил таъминлаш ҳамда одил судловга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берди.
Эслатиб ўтамиз, даромадларни декларация қилишни назарда тутувчи давлат хизмати тўғрисидаги қонунни ҳали 2017 йил сентябрида қабул қилиш режалаштирилган эди, бироқ бу муддат бир неча бор ортга сурилди. 2020 йил 1 январь ва 2021 йил 1 январь муддатлари тилга олинган эди.
2024 йилда Антикоррупция агентлиги раҳбари даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси деярли тайёр эканини — у вазирлик ва идоралар билан келишилганини ҳамда Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтганини маълум қилган эди.
2025 йил март ойида президент даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун қисқа муддатда эълон қилиш ва 1 апрелга қадар кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берганди, бироқ бу амалга ошмади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 мартдан бошлаб эксперимент йўлга қўйилади, унинг доирасида солиқ органлари ходимлари, шунингдек, Навоий ва Чирчиқ шаҳарлари аҳолиси декларация топширадилар.