
Фарғона вилоятида халқаро фирибгарлик ва жуда кўп миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
ДХХ маълумотларига кўра, гуруҳ 34 кишидан иборат бўлиб, унга Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли шахс раҳбарлик қилган. Иштирокчилар Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, «колл-марказлар» ниқоби остида фаолият ташкил қилишган.
Тергов давомида аниқланишича, жиноятчилар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда Россияда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) сотиш билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингга яқин мижозлари маълумотларини ноқонуний қўлга киритган.
Махсус тайёргарликдан ўтган операторлар SIP-телефония ва Zoiper иловаси орқали асосан кекса ёшдаги фуқароларга қўнғироқ қилишган. Ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва банк ходимлари деб таништириб, компания гўёки сифатсиз дори ва БФҚларни сотганини ва бунинг учун 500 мингдан 580 минг рублгача товон пули берилишини ваъда қилишган.
Ушбу «компенсация»ни олиш учун фуқароларни 5 минг дан 20 минг рублгача солиқ тўлашга ишонтиришган. Натижада жабрланувчилар гуруҳ аъзолари томонидан кўрсатилган турли банк карталарига жами 9,6 млн рубль (1,52 млрд сўм ёки тахминан 124,4 минг доллар) ўтказиб беришган.
Бундан ташқари, гуруҳнинг уч нафар аъзоси крипто-активлар айланмаси бўйича лицензиясиз, Ўзбекистондаги крипто-биржалар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган ҳолда, тахминан 470 минг долларлик крипто-активлар айланмасини амалга оширган.
Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди уюшган гуруҳ аъзоларини Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 278-7-моддаси (телекоммуникация тармоғидан ноқонуний/рухсатсиз фойдаланиш) ва 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан айбдор деб топди.
21 нафар иштирокчига 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Яна 13 нафар шахсга нисбатан суд жарима қўллаган ҳолда 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача бўлган муддатларга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундириладиган бўлди.