
Тошкентда 74 ёшида сенатор, юридик фанлар доктори, профессор Мир-Акбар Хожи-Акбарович Раҳмонқулов — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори вафот этди.
Мир-Акбар Раҳмонқулов 1952 йил 5 октябрда туғилган. Тошкент давлат университетини ва Свердловск юридик институтини (аспирантура) тамомлаган. Мутахассислиги: «фуқаролик ҳуқуқи», «конституциявий ҳуқуқ».
Бундан аввал президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори бўлган.
1997—2014 йилларда президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби, президентнинг давлат маслаҳатчиси, 1995—1997 йилларда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори бўлиб ишлаган.
Сенатда Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган.
II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвонига сазовор бўлган.
Фуқаролик, халқаро, конституциявий ҳуқуқ ва миллий хавфсизлик соҳасидаги 100 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи ҳисобланади. Хавфсизлик ва ташқи алоқалар соҳасидаги стратегик режалаштириш муаммолари бўйича тадқиқотлар ва амалий ишланмаларга раҳбарлик қилган.
Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар бўйича гуруҳ ва комиссияларнинг бевосита иштирокчиси бўлган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Раҳмонқуловнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.