
2026 йил 11 февраль куни ярим тунга яқин Андижон шаҳрининг Нодирабегим маҳалласидаги тўққиз қаватли уйнинг энг юқори қаватидаги хонадонда газ портлаши содир бўлди.
Андижон вилояти ФВБ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида икки киши тан жароҳати олган. Ёнғин чиқмаган, бошқа хонадонларга зарар етмаган, дейилади хабарда.
Воқеа жойига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов етиб келди. У бинони текшириш ва таъмирлаш ишлари давомида подъезднинг барча аҳолисини меҳмонхонага жойлаштириш бўйича топшириқ берди. Ҳокимлик матбуот хизмати унинг аҳоли билан суҳбати акс этган лавҳаларни эълон қилди.
Фавқулодда вазият жойидан олинган видео ва фотосуратларда портлаш натижасида бино қисмлари ва ойналар ҳовлига сочилиб кетгани ва машиналарга шикаст етказгани кўринади.
Воқеа жойига қурилиш техникаси ва қурилиш материаллари олиб келинди, тун бўйи таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Аҳоли билан мулоқотда ҳоким таъмирдан сўнг бино аввалги ҳолатига қайтарилишини таъкидлади.