
2025 йилда Ўзбекистон ички бозорида чет эл валютаси таклифи талабга қараганда тезроқ ўсди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида сўз боради.
Регулятор маълумотларига кўра, юридик шахсларнинг чет эл валютасига бўлган талаби 2024 йилга нисбатан 24 фоизга ошган бўлса, таклиф ҳажми 36 фоизга кўпайган. Аниқ суммалар келтирилмаган, бироқ январь-сентябрь ойларида компанияларнинг валютага бўлган талаби 38,7 млрд долларни, таклиф эса 20,1 млрд долларни ташкил этган эди.
Валюта таклифини шакллантирувчи корхоналарнинг экспорт тушуми 18 фоизга ўсиб, 18 млрд долларни ташкил этди. Ушбу сумманинг 9,8 млрд доллари (40 фоизи) ички валюта бозорида сотилган — бу 2024 йилга нисбатан 1,6 млрд долларга кўп демакдир.
Бундан ташқари, банклар хорижий кредитлар ҳисобига ички бозорда 9,7 млрд доллар сотишди, бу 2024 йилга нисбатан 69 фоизга (ёки 4 млрд долларга) кўпдир. Импортни молиялаштириш тузилмасида маблағларнинг 63,7 фоизи ички бозорда конвертация орқали сотиб олинган валюта ҳиссасига тўғри келди. Импортнинг яна 24 фоизи компанияларнинг ўз валюта маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Сотиб олинган чет эл валютасининг асосий қисми қуйидаги мақсадларга йўналтирилган:
- ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, хом ашё ва товарлар импорти — 50%;
- валюта кредитларини қайтариш — 28%;
- истеъмол товарлари ва дори-дармонлар импорти — 17%;
- хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси — 2%;
- бошқа мақсадлар — 3%.
Аҳолининг роли
Жисмоний шахслар операцияларининг ижобий сальдоси валюта таклифининг қўшимча манбаига айланди.
2025 йилда аҳоли банкларга 21,7 млрд доллар сотди — бу 2024 йилдагига нисбатан 1,4 баравар кўп. Шу билан бирга, жисмоний шахслар қарийб 12 млрд долларлик валюта сотиб олишди, бу 2024 йилги кўрсаткичдан 27 фоизга кўп.
Умуман олганда, аҳоли томонидан валюта таклифи ҳажми унга бўлган талабдан 9,7 млрд долларга ошди. Фарқ 2024 йилдагига (6,7 млрд доллар) нисбатан 44,2 фоизга ўсди. Максимал ойлик фарқ октябрь ойида (1,15 млрд доллар), минимал фарқ эса январь ойида (480,3 млн доллар) кузатилди.
2025 йил давомида миллий валюта курси долларга нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланди. Шу билан бирга, кунлик волатиллик даражаси икки баравар ошди.
Марказий банк қайд этишича, курс динамикаси ички бозордаги талаб ва таклиф, макроиқтисодий тенденциялар ҳамда ташқи иқтисодий конъюнктура таъсирида шаклланди. Регуляторнинг таъкидлашича, экспорт тушумларининг ўсиши, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари ҳажмининг кўпайиши, шунингдек, импортнинг нисбатан барқарорлашуви ички валюта бозорида сўмнинг мустаҳкамланишига хизмат қилди.