Автомобиль саноатини ривожлантириш бўйича 25 ноябрда ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев электромобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришнинг аҳамиятини таъкидлади. Автомобиль саноатининг мамлакат саноатидаги улуши 10% ни ташкил этади. 2024 йилнинг 10 ой муддат давомида (январь-октябрь) 338 минг енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлиб, соҳа экспорти 455 миллион долларни ташкил этди. 1400 бутловчи қисмлар маҳаллийлаштирилган ва натижада бутун бир соҳада тан нархи 4% га камайган.
2025 йилда 450 минг енгил автомобиль ишлаб чиқариш ва экспорт миқдорини 700 млн АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шу жумладан, 700 хилдаги деталлар ишлаб чиқариш учун 63 та лойиҳа амалга оширилиб, жами 325 миллион доллар сармоя киритилади.
Жиззахда Хитойнинг BYD компанияси билан ҳамкорликда завод қурилиб, электромобиллар ишлаб чиқариш бошланган. 2025 йилга келиб 200 минг дона автомобил ишлаб чиқариш режаси белгиланган, келгуси босқичларда эса бу кўрсаткич 500 мингга етказилади.
Президент Хитойлик шериклар билан ҳамкорликда қувватларни кенгайтириш ва янги йўналиш учун мутахассислар тайёрлашга доир кўрсатмалар берди.