
Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти 2025 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексини (Corruption Perception Index) эълон қилди.
2025 йилги Коррупцияни қабул қилиш индекси 182 та мамлакат ва ҳудудлардаги давлат секторида коррупция даражасини Жаҳон банки, Жаҳон иқтисодий форуми, хусусий консалтинг компаниялари ва бошқа агентликларни ўз ичига олган 13 та мустақил манба маълумотлари асосида ўлчайди. Ҳар бир мамлакатга 0 дан 100 гача бўлган балл берилади, бунда 0 — коррупцияни қабул қилиш даражаси жуда юқори, 100 эса — ўта паст эканини англатади.
Ўзбекистон 31 балл тўплаб, аввалги рейтингга нисбатан бир балл йўқотди ва 182 та давлат ичида 124-ўринга тушди. Мамлакат кўрсаткичлари кетма-кет иккинчи йил ёмонлашмоқда. 2023 йилдаги илк пасайишга қадар Ўзбекистон 11 йил давомида индексдаги ўз ўрнини яхшилаб келаётган эди.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси 100 баллдан бор-йўғи 34 балл тўплади (2024 йилда — 35 балл). Минтақадаги 19 та давлатдан фақат еттитаси ўсиш кўрсатган, бу эса рейтинг муаллифларининг фикрича, ўн йил давомида ислоҳотларнинг тўхтаб қолгани ва институтларнинг заифлигидан далолат беради. Заиф институтлар ва мамлакатларда демократиядан чекиниш коррупцияга ҳамда фуқаролик маконининг торайишига хизмат қилмоқда, деб таъкидлайди.
Марказий Осиёдаги репрессиялар минтақадаги бошқа мамлакатлар қўллайдиган ўхшаш схема бўйича амалга оширилмоқда, дейилади маърузада. Қирғизистон (26 балл) ва Қозоғистон (38 балл) ноҳукумат ташкилотлар тўғрисидаги оғир қонунчилик орқали фуқаролик жамияти фаолиятини чеклашда давом этмоқда.
«Ўзбекистонда расмий ислоҳотлар маълум бир натижаларни берди, бироқ коррупцияни фош қилувчи журналист ва блогерлар ҳали ҳам қўрқитиш ёки суд таъқибларига дуч келмоқда, бу эса аксилкоррупция саъй-ҳаракатлари самарадорлигини чеклайди», — дейилади Transparency International ҳисоботида.
Минтақада энг яхши натижани, аввалги рейтингда бўлгани каби, Грузия (50 балл), Арманистон (46 балл) ва Черногория (46 балл) кўрсатган. Шу билан бирга, Грузияда ҳукмрон партиянинг репрессив сиёсати туфайли юзага келган демократиянинг заифлашиши мамлакатда коррупция хавфини кучайтиради, деб огоҳлантиради маъруза муаллифлари.
Россия (22 балл), Тожикистон (19 балл) ва Туркманистон (17 балл) минтақада энг паст кўрсаткичларга эга.

Дунёдаги вазият
2025 йил якунларига кўра, Коррупцияни қабул қилиш индексининг ўртача глобал кўрсаткичи сўнгги ўн йилдан кўпроқ вақт ичида илк бор 42 баллгача пасайди.
Мамлакатларнинг аксарияти коррупцияга қарши кураша олмаяпти: 182 та давлатдан 122 тасининг кўрсаткичи 50 баллдан паст. Шу билан бирга, 10 йил ичида 80 баллдан юқори тўплаган давлатлар сони 12 тадан бештагача қисқарди.
«Коррупция бутун дунёда кучаймоқда, ҳатто барқарор демократияга эга мамлакатларда ҳам лидерларнинг сиёсий иродаси заифлашиши фонида у ўсиб бормоқда», — деб таъкидлайди муаллифлар.
Ушбу тенденция АҚШ (64 балл), Канада (75 балл) ва Янги Зеландия (81 балл) каби мамлакатларни, шунингдек, Буюк Британия (70 балл), Франция (66 балл) ва Швеция (80 балл) каби Европанинг турли давлатларини қамраб олди.
Яна бир ташвишли ҳолат — кўплаб давлатлар томонидан сўз, уюшиш ва йиғилишлар эркинлигининг тобора чекланаётгани. 2012 йилдан бери коррупцияни қабул қилиш индекси кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайган 50 та давлатдан 36 тасида фуқаролик жамияти фаолияти учун маконнинг торайиши кузатилган, деб таъкидлайди сўровнома тузувчилари.
2025 йилги рейтинг етакчиси кетма-кет саккизинчи марта 100 баллдан 89 балл тўплаган Дания бўлди. Кучли бешликка Финляндия, Сингапур, Янги Зеландия ва Норвегия кирди.
Рейтингни 9 дан 10 баллгача тўплаган Венесуэла, Сомали ва Жанубий Судан якунлаб беради.