Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/02/2026

Солиқ қўмитаси ўзбекистонликларнинг хорижий компаниялар фойдасига амалга оширган транзакцияларини ўрганишни режалаштирмоқда

Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда банкларга Ўзбекистондан хорижий интернет-компаниялар фойдасига амалга оширилган тўловлар тўғрисида маълумот тақдим этиш бўйича сўровлар юборилгани ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди.

Аввалроқ бир қатор Telegram-каналлар йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясининг банкларга йўллаган хатлари нусхаларини эълон қилган эди. Уларда сўнгги уч йил ичида 83 та хорижий интернет-сервис манзилига ўтказилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар сўралган.

Қандай маълумотлар сўралган

Хатга кўра, банклар жисмоний шахслар томонидан 2023—2025 йилларда Ўзбекистонда солиқ ҳисобида турган хорижий компаниялар манзилига амалга оширилган барча тўловлар ҳақида маълумот бериши керак.

Гап ҳам халқаро тўлов карталари (Visa, Mastercard), ҳам миллий тизимлар (Uzcard, Humo), шунингдек, электрон ҳамёнлар орқали амалга оширилган транзакциялар ҳақида бормоқда.

Ҳар бир операция бўйича тўлов санаси ва суммаси АҚШ долларидаги эквиваленти билан кўрсатилиши талаб этилади. Маълумотлар уч кун ичида кўрсатилган электрон манзилга юборилиши лозим.

Хатларда таъкидланишича, талаблар бажарилмаган тақдирда, банклар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215-3-моддаси (солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 229-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчиларнинг операциялари ва ҳисобварақлари бўйича кўчирмаларни тақдим этмаганлик учун жарима қўлланилиши мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Солиқ органлари маълумотлар йиғилишини хорижий интернет-сервислар ҳисоботларида акс эттирилган солиқ суммаларининг тўғрилигини текшириш, шунингдек, улар томонидан 2023 йилдан бери кўрсатилган хизматлар қийматини баҳолаш учун зарурлиги билан изоҳлади.

Бундан ташқари, улар 2025 йил декабрь ойида имзоланган яширин иқтисодиётга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармонига (ПФ-246) таянган.

Солиқ қўмитаси изоҳи

Солиқ қўмитаси сўров электрон хизматлар кўрсатувчи 83 та хорижий компания фойдасига 2023—2025 йилларда жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган ўтказмалар ҳақидаги «шахссизлантирилган маълумотлар»га тегишли эканини тушунтирди. Маълумотлар ҚҚС ҳисобланиши ва тўланишининг тўғрилигини текшириш учун зарур.

Идора Солиқ кодексининг 278-моддасига мувофиқ, хизмат кўрсатиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этиладиган электрон хизматларни сотувчи хорижий юридик шахслар жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар қисмида солиқ тўловчилар ҳисобланишини эслатиб ўтди.

Идора маълумотларига кўра, 2025 йилда электрон хизматлар кўрсатувчи 23 та хорижий компания ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган, 2026 йилда эса яна 6 та компания қўшилган.

Солиқ кодексининг 88-моддасига мувофиқ, солиқ мажбуриятлари бўйича даъво муддати, агар қонунчиликда бошқача ҳол белгиланмаган бўлса, улар юзага келган пайтдан бошлаб уч йилни ташкил этади. Электрон хизматларни реализация қилишда солиқ базаси хизматларнинг ҳақиқий қийматидан келиб чиқиб белгиланади (СК 280-модда).

Қўмита банкларга юборилган сўров Солиқ кодексининг 134-моддаси 3-қисмига асосланганини ва айнан шахссизлантирилган маълумотларга тегишли эканини алоҳида қайд этди. Худди шундай норма президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги яширин иқтисодиётни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-246-сонли фармонига 2-иловада ҳам кўзда тутилган.

Банк сирими?

Bankers.uz нашрининг ёзишича, гарчи сўровда фуқароларнинг шахсий маълумотлари талаб қилинмаган бўлса-да, вазият ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли бўлиши мумкин.

«Банк сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига кўра, мижоз, унинг ҳисобварақлари ва омонатлари ҳолати, шунингдек, амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар банк сирини ташкил этади.

Қонунчиликда мижознинг исми кўрсатилмаган бўлса, операциялар рўйхати банк сирига кирмаслиги ҳақида тўғридан-тўғри истисно мавжуд эмас. Ҳатто эгаси кўрсатилмаган тақдирда ҳам, ҳисобварақ бўйича ҳар бир транзакция (вақти ва суммаси) банк сири объекти ҳисобланиши мумкин.

Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддаси ҳам банк операцияларининг сир тутилишини кафолатлайди. Бу ерда гап нафақат фуқаронинг шахси, балки унинг молиявий ҳаракатлари дахлсизлиги ҳақида ҳам бормоқда.

Bankers.uz боғланган ахборот хавфсизлиги соҳаси мутахассисларининг фикрига кўра, ҳатто «деперсоналлаштирилган» (шахссизлантирилган) маълумотлар ҳам, агар улар ҳаддан ташқари батафсил бўлса (сониясигача аниқ вақт ва аниқ сумма), бошқа манбалар билан солиштириш орқали шахсни қайта тиклаш имконини бериши мумкин. Бироқ солиқ органининг мақсади юридик шахслар (хорижий компаниялар) даромадларини назорат қилиш эканини ҳисобга олсак, бундай сўровни «агрегатланган таҳлил» учун маълумот йиғиш сифатида асослаш мумкин.

Солиқ кодексига кўра, солиқ органлари солиқ тўловчининг (бу ҳолатда — хорижий компаниянинг) фаолиятини текширишда банк маълумотларини олишга ҳақли. Аммо, одатда, гап умумий айланма ҳақида боради. «Ҳар бир транзакция бўйича» сўров эса банклар учун катта техник юк яратиши ва мижозлар операциялари бўйича «Big Data» шакллантиришга уринишдек кўриниши мумкин.

Солиқ қўмитасининг ҳаракатлари яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва рақамли хизматлар бозорини тартибга солишдаги мантиқий қадам сифатида қаралиши мумкин. Фуқароларнинг Ф.И.Ш. сўралмаганини шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиш деб талқин қилиш мумкин.

Шунга қарамай, банклар маълумот тақдим этишда мижозлар операцияларининг махфийлигини таъминлаши ва маълумотлардан фақат таҳлилий мақсадларда фойдаланиш кафолатларини олиши зарур. Акс ҳолда, ҳатто «номсиз» рўйхатлар ҳам келажакда ҳар бир харидни назорат қилиш учун прецедент яратиши мумкин, деб ёзади нашр.

Ушбу фармон доирасида 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда солиқ ҳисобида турмаган, аммо амалда фаолият юритаётган хорижий онлайн-компаниялар иши чекланиши мумкин. Уларга рўйхатдан ўтиш учун 30 кун вақт берилади.

Солиқ қўмитаси ўшанда ўзбекистонликларнинг хорижий компанияларга тўловлари ҳақида шахссизлантирилган маълумотларни олишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Гап фуқароларнинг чет эл онлайн-платформалари хизматлари — фриланс, таълим, кўнгилочар соҳалар, обуналар ва рақамли сервислар учун тўловлари, шунингдек, хорижий маркетплейслардан товарлар сотиб олиши ҳақида бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар 2025 йилда Ўзбекистонда 181,3 млрд сўм солиқ тўлаган. Apple, Meta ва Google Ўзбекистонда биргаликда 1,2 трлн сўм ишлаб топиб, 142,9 млрд сўм ҚҚС тўлаган. Йирик хорижий солиқ тўловчилар бешлигида — OpenAI ҳам бор. Amazon ва Zoom компанияларида пасайиш кузатилмоқда.