
Тошкент ва Наманган вилоятларида пора олиш ва фирибгарликда гумон қилиниб бир неча мансабдор шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тошкент вилояти
ДХХ маълумотларига кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» компанияси директори ўринбосари «Шаффоф қурилиш» тизими орқали тендер ғолиби деб топилган пудрат ташкилотига умумий қиймати 2,07 млрд сўмлик капитал таъмирлаш объекти бўйича 1,1 млрд сўм миқдорида бўнак (аванс) ўтказиб берган.
Бунинг эвазига у илгари компания раҳбаридан 2000 доллар талаб қилиб олгани қайд этилган.
Бундан ташқари, ҳокимлик вакили пудрат ташкилоти фойдасига қарор чиқарилишига кўмаклашиш учун яна 5000 доллар олган. Гап қурилиш ишларини ўз вақтида бажармаганлик учун пудратчидан 643,5 млн сўм миқдорида пеня ундириш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасидан воз кечиш ҳақида бормоқда.
У ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари (товламачилик йўли билан, такроран, хавфли рецидивист ёки илгари жиноят содир этган шахс томонидан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди. У қамоққа олинган.
Шунингдек, Тошкент вилоятида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туман бўлимларидан бирининг бошлиғи 3000 доллар пора олаётганда ушланди. ДХХ маълумотларига кўра, ушбу маблағ уйга туташ ҳудудда қурилиш ишларини олиб бориш учун кўп йиллик дарахтларни кесишга рухсатнома бериш эвазига мўлжалланган бўлган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Наманган вилояти
Наманган вилоятида Поп туманидаги маҳаллалардан биридаги ҳоким ёрдамчиси давлат захирасидаги 90 сотих ер майдонини тантаналар зали қуриш учун ажратиб бериш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришни ваъда қилиб, 4500 доллар олган.
ДХХ хабарига кўра, муқаддам судланган давлат хизматчиси ваъдасини бажармаган ва пулнинг бир қисми — 1,2 млн сўмни қайтараётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а, в» бандлари (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, кўп миқдорда фирибгарлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.