Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/02/2026

Ўзбекистонда 2025 йилда давлат органлари таъминотига режалаштирилганидан 20 фоиз кўп маблағ йўналтирилди

2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон давлат бюджетининг ҳақиқий харажатлари 383,9 трлн сўмни ташкил этди, бу 2025 йил учун бюджет ва бюджетномада белгиланган параметрлардан сезиларли даражада юқори.

Давлат бошқаруви ва ҳокимият органлари таъминоти

2025 йилда давлат бошқаруви ва ҳокимият органлари (вазирлик ва идоралар), адлия, прокуратура ва суд тизими таъминотига 22,3 трлн сўм йўналтирилди. Бу кўзда тутилган ҳажмдан (18,6 трлн сўм) қарийб 3,7 трлн сўмга ёки тахминан 20 фоизга кўп дегани.

2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонда маъмурий ислоҳот эълон қилинган эди. У ҳукуматга ҳисобдор бўлган мустақил ижро этувчи ҳокимият органларини 61 тадан 28 тагача қисқартиришни, шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органлари штат бирлигини, жумладан раҳбар ходимларни «адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизими»ни жорий этган ҳолда максимал 30 фоизга камайтиришни назарда тутган эди. Штатларни қисқартириш ҳақида 2024—2025 йилларда ҳам хабар берилганди.

Агар 2021 йилда ушбу мақсадлар учун 10,46 трлн сўм (режа — 4,9 трлн) ажратилган бўлса, 2022 йилда харажатлар ўтган йилга нисбатан 30,5 фоизга ошиб, 13,65 трлн сўмга (режа — 9,16 трлн) етди.

2023 йил якунлари бўйича давлат бошқаруви, адлия, прокуратура ва суд органлари, шунингдек, маҳаллалар таъминоти ва ННТларни қўллаб-қувватлаш харажатлари 24,5 фоизга ошиб, 18,2 трлн сўмни ташкил этди (кутилган кўрсаткич 13,8 трлн эди).

2024 йилда давлат органлари таъминотига 18,03 трлн сўм ажратиш режалаштирилган эди, бироқ амалда 20,2 трлн сўм сарфланди.

2026 йилда ушбу йўналишдаги харажатларни яна бир бор оптималлаштириш ва қисқартириш таклиф этилмоқда — 21,5 трлн сўм.

Бошқа харажатлар

Энг катта четланишлар «бошқа харажатлар» моддаси бўйича қайд этилди. Агар дастлаб 56,3 трлн сўм белгиланган бўлса, амалда 87,8 трлн сўм ажратилди — ўсиш 56 фоиз (+31,5 трлн сўм).

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий бюджетларнинг захира жамғармалари кескин ошиб, режалаштирилган 1,8 трлн сўмга нисбатан 3 трлн сўмга етди, бу 66,7 фоизлик ўсишни англатади.

2025 йилда ижтимоий харажатлар 194,9 трлн сўмни ташкил этди ва умуман олганда режадан ошди, аммо уларнинг умумий харажатлардаги улуши кутилган 51,7 фоиздан 50,7 фоизгача камайди.

Таълимни молиялаштириш режалаштирилган 84,3 трлн сўмга нисбатан 90,1 трлн сўмгача (+6,9%), соғлиқни сақлаш — 41,3 трлн сўмга нисбатан 44,7 трлн сўмгача (+8,2%), маданият ва спорт — 7,1 трлн сўмга нисбатан 9,1 трлн сўмгача (+28,2%) ўсди.

Шу билан бирга, нафақалар, моддий ёрдам ва бошқа имтиёзли тўловлар харажатлари режадаги 17,3 трлн сўмдан кам бўлиб, 15,3 трлн сўмни (-11,6%) ташкил этди, ипотека субсидиялари ҳам 2,5 трлн ўрнига 2,1 трлн сўм (-16%) бўлди.

Иқтисодий харажатлар ҳам дастлабки баҳолардан ошиб кетди. Ободонлаштириш харажатлари 48,9 фоизга ошиб, 6,7 трлн сўмни (режадаги 4,5 трлн ўрнига) ташкил этди, «Камбағалликдан фаровонликка» дастурини молиялаштириш 2,9 трлн сўмдан 4,5 трлн сўмгача (+55,2%) кўпайди, «Ташаббусли бюджет» харажатлари эса 6,7 трлн сўмга (+11,7%) етди.

Сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши фонида давлат қарзига фоизлар бўйича хизмат кўрсатиш харажатлари режадаги 21,1 трлн сўмга нисбатан 18,1 трлн сўмни (-14,2%) ташкил этди.

Бюджет тузилмасида иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни ошириш, шунингдек, айрим турдаги хизматлар тарифларининг кўтарилиши билан боғлиқ харажатлар сезиларли даражада ўсгани кўзга ташланади. Агар давлат бюджетида ушбу мақсадлар учун 6,47 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган бўлса, амалда тўловлар 13,24 трлн сўмни ташкил этди — режадан икки баравардан кўп (+105%).

Бундан ташқари, давлат бюджетига киритилган ўзгартиришлардан сўнг Пенсия жамғармаси дастлабки режадан ташқари қўшимча 1,7 трлн сўм олди. Натижада давлатдан трансфертлар 18,55 трлн сўмдан 20,25 трлн сўмгача ошди.