
Сўнгги йиллардаги сиёсий ислоҳотлар Қозоғистон суперпрезидентлик бошқарув шакли билан узил-кесил хайрлашаётганидан далолат беради. Бу ҳақда 2026 йил 10 февраль куни ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисида давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.
«Янги Конститутция лойиҳасига киритилган нормалар Қозоғистон сиёсий тизимини «кучли президент — таъсирчан парламент — ҳисобдор ҳукумат» концепцияси асосида ривожлантириш изчиллиги ва мантиғини мустаҳкамлайди. Сўнгги йиллардаги сиёсий ислоҳотларга панорамали нигоҳ ташлаш шуни кўрсатадики, Қозоғистон суперпрезидентлик бошқарув шакли билан узил-кесил хайрлашиб, нуфузли ва таъсирчан парламентга эга бўлган президентлик республикасига ўтмоқда», — деди Тоқаев.
Унинг сўзларига кўра, гап аслида «давлатни бошқаришнинг янги тизимини» яратиш ҳақида бормоқда.
«Таклиф этилаётган янгиликлар ҳокимият ваколатларини қайта тақсимлаш, тийиб туриш ва мувозанат сақлаш тизимини кучайтириш ҳамда энг муҳими, барча сиёсий институтларнинг самарадорлиги ва барқарорлигини ошириш имконини беради», — деди Қозоғистон раҳбари.
У янги Конститутция лойиҳасида «давлат инсон учун эмас, инсон давлат учун» тамойили «аниқроқ шакл» касб этганини таъкидлади. «Бу биз 2019 йилдан бери изчиллик билан интилаётган мақсад», — дея қўшимча қилди президент.
Шу билан бирга, Тоқаевнинг сўзларига кўра, конституциявий ислоҳотнинг вазифаси мамлакатнинг амалдаги асосий қонуни аҳамиятини, шунингдек, биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг хизматларини инкор этиш эмас.
«Шунга қарамай, шуни ҳисобга олиш керакки, у мамлакатимиз эндигина оёққа тураётган пайтда қабул қилинган ва ўз ичида мустақиллигимиз шаклланишининг дастлабки мураккаб йиллари изларини ташийди. Ўшандан бери жамиятимиз сезиларли даражада ўзгарди… Сўнгги йилларда Қозоғистон миллий ўзликни англашга таъсир кўрсатган, ҳатто кучли ларзаларни келтириб чиқарган катта ўзгаришларни ҳам бошдан кечирди», — деди.
Тоқаев янги Конститутция лойиҳаси «муҳим прогрессив нормаларни ўз ичига олганини» ва унинг фикрича, «Қозоғистон ривожига кучли туртки беришини» таъкидлади. «Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу масала бўйича якуний қарор умумхалқ референдумида қабул қилинади», — дея қўшимча қилди.
Қозоғистонда конституциявий ислоҳотлар жараёни Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2025 йил сентябрь ойида билдирган бир палатали парламентга ўтиш ташаббуси билан бошланди. Асосий қонунга ўзгартиришлар тайёрлаш билан Тоқаев томонидан 21 январда тузилган конституциявий ислоҳот бўйича комиссия шуғулланмоқда. Комиссия таркибига 100 дан ортиқ киши, жумладан депутатлар ва вазирлар кирди. 2026 йил 31 январда комиссия янги Конститутция лойиҳасини эълон қилди.
Қозоғистон янги Конститутциясининг марказий ғоялари сифатида таълим ва фан, маданият ва инновациялар кўрсатилган, унинг асосий қоидалари эса давлатнинг «инсонга йўналтирилганлигини» кучайтиришга қаратилган. Асосий ўзгаришлар қаторида бир палатали парламентни шакллантириш ва вице-президент институтини таъсис этиш ўрин олган.