Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 12/02/2026

Олий суд Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари озод этилганига изоҳ берди

Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов 2026 йил 4 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида давлат мулкини талон-торож қилиш иши бўйича судланган Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроевнинг озод этилиши юзасидан изоҳ берди.

2024 йил июль ойида суд Ҳамроевни 7 йилга озодликдан маҳрум қилган эди, бироқ 2025 йил декабрь ойи охирида у муддатидан олдин озодликка чиқди.

Олий суд раиси биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, жиноят иши материалларида ижтимоий тармоқларда фаол ёзилган 3 млн доллар миқдоридаги маблағ мавжуд бўлмаган.

«Агар собиқ ҳоким ўринбосари ва у билан бирга судланган бошқа шахслар ҳақида гапирадиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда 3 млн доллар миқдори тилга олинмоқда. Бироқ жиноят иши материалларида 3 млн доллар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Уларга нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш айби қўйилган эди», — деди Алишер Усмонов.

У қонунчиликда етказилган зарар тўлиқ қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмаслиги аниқ белгилаб қўйилганини таъкидлади. «Айнан шу сабабли апелляция инстанцияси суди шундай қарор қабул қилди», — дея тушунтирди.

Олий суд вакилининг сўзларига кўра, Ботиржон Ҳамроевнинг ҳаракатларида коррупциявий жиноят таркиби аниқланмаган.

«Агар унинг ҳаракатларида коррупция элементлари — пора олиш ёки бериш ва шу каби бошқа фактлар бўлганида, уларга алоҳида ҳуқуқий баҳо берилган бўларди. Бироқ гап фақат хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда давлат мулкини талон-торож қилиш ва кейинчалик зарарнинг қопланиши ҳақида бормоқда», — дея қўшимча қилди Усмонов.

Шунингдек, у жазони қайта кўриб чиқиш амалиёти талон-торож қилиш моддаси бўйича судланган бошқа юқори лавозимли шахсларга нисбатан ҳам, зарар тўлиқ қопланган тақдирда, қўлланилишини қайд этди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов етказилган моддий зарар қопланган тақдирда озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони бекор қилиш ҳақидаги банд Жиноят кодексининг 167-моддасида кўрсатилганини тушунтирди. Бу норма барчага, шу жумладан давлат хизматчиларига ҳам тааллуқлидир.

Ҳоким ўринбосари иши

Иш материалларига кўра, Ботиржон Ҳамроев билан боғлиқ жиноят иши доирасида 30 га яқин киши, жумладан «Агробанк» Андижон вилоят бошқармаси мансабдор шахслари, шунингдек, вилоятдаги турли компаниялар вакиллари судланган.

Ҳукмда қайд этилишича, маҳаллий корхоналардан бирининг таъсисчиси иссиқхона мажмуаларини қуриш учун «Агробанк» томонидан ажратилиши керак бўлган имтиёзли кредитдан фойдаланиш устидан тўлиқ назоратни қўлга киритиб, фойда кўришни режалаштирган.

Бунинг учун у Андижон вилояти ҳокимлиги ва банкнинг вилоят бошқармаси мансабдор шахсларини иссиқхона мажмуалари маҳаллийлаштирилганлиги ва ҳар қандай ҳажмда етказиб берилиши мумкинлигига ишонтирган. Шундан сўнг уюшган гуруҳ аъзолари ўртасида роллар тақсимланган. Ҳужжатларда Ботиржон Ҳамроев ҳам ушбу гуруҳ аъзоси бўлгани таъкидланади.

Қайд этилишича, Ҳамроев ҳокимликдаги хизмат мавқеидан фойдаланиб, «Агробанк» Андижон вилоят бошқармаси ходимларига имтиёзли кредит маблағларини фақат муайян компанияга йўналтириш ҳамда уларни ажратиш жараёнини тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 8 июлдаги ҳукми билан Ботиржон Ҳамроев 7 та эпизод бўйича оқланган. Шу билан бирга, у Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандларида (ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб талон-торож қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва 3 йил муддатга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланган қолган 29 нафар судланувчига нисбатан ҳам ўтган йилнинг июль ойида тегишли жазолар тайинланган эди.

Туман прокурорининг протести ва маҳкумларнинг шикоятларига кўра, иш Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилди ва 24 нафар судланувчига оид қисмида ҳукм ўзгартирилди.

Хусусан, Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2025 йил 26 декабрдаги ажрими билан Ботиржон Ҳамроевга тайинланган жазо — жиноят натижасида етказилган зарар қопланганлиги муносабати билан — иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Унинг 2024 йил 12 октябрдан 2025 йил 26 декабргача қамоқда сақланган ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишларининг уч кунига тенглаштирилди. Шу тариқа, тайинланган жазо ўталган деб ҳисобланди. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, Ҳамроев суд залидан озод қилинди.

Ҳамроев 1986 йил 3 ноябрда Андижонда туғилган. 2019 йилда Андижон вилояти ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган ва ҳибсга олингунига қадар ушбу лавозимда ишлаган.