
2025 йил давомида Ўзбекистонда 59 нафар судья эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, улардан уч нафари коррупцияга оид ишлар бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда 2026 йил 4 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов маълум қилди.
«Уч нафар судьямиз адолатсиз суд қарорлари чиқаргани учун эмас, балки пора олгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Суд ҳукми билан улар лавозимидан озод этилган ва ҳозирда тайинланган жазони ўтамоқда», — деди Алишер Усмонов.
Унинг сўзларига кўра, қолган 56 нафар судьядан: 6 нафари Одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузгани учун, 10 нафари одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузгани учун, 1 нафари судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи мансаб жинояти учун, 35 нафари эса ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси асосида лавозимидан бўшатилган. Яна 4 нафар судьянинг ваколатлари вафоти муносабати билан тугатилган.
«Бу тизимда масъулиятсиз судьяларга қарши катта кураш олиб борилаётганидан далолат беради», — дея қўшимча қилди Олий суд вакили.
Хоразм вилояти Янгиариқ тумани жиноят ишлари бўйича судининг тергов судьяси 2025 йил ёзида танишлари орқали фуқародан оқлов ҳукми чиқаришга ёрдам бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилган. Ваъдасини бажара олмагач, олинган пулларни қайтараётган вақтида қўлга олинган.
Бундан ташқари, Андижон вилояти Хонобод шаҳар суди раиси фирибгарлик ва пора беришда иштирок этишда айбдор деб топилиб, 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Хабар берилишича, у 2025 йил май ойида 30 минг доллар миқдорида пора билан ушланган эди.