
2025 йилда квартира сотиб олиш билан боғлиқ 1700 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди ва истеъмолчилар фойдасига 22,1 млрд сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди, деб хабар берди Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати.
Мурожаатларнинг 76 фоизи ижобий ҳал этилди. Шикоятларнинг асосий қисми квартираларнинг таъмирланиш сифати (42,9%), коммуникация тармоқлари (40,8%) ва объектларнинг ўз вақтида топширилмагани (16,3%) билан боғлиқ бўлган.
Қурувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги 130 га яқин шартнома ўрганилганда, қўмита аксарият ҳужжатларда қайта ҳисоб-китоб механизмлари, топшириш муддатлари, кечикиш учун жарималар ва кафолат мажбуриятлари мавжуд эмаслигини аниқлади. Бундан ташқари, шартнома бекор қилинганда тўловни харидорга қайтариш муддатлари асоссиз равишда 30–180 кундан 24–36 ойгача белгиланган.
Айрим ҳолларда шартномалар «агент» ёки «тижорат вакили» орқали тузилган ва қурувчининг имзосисиз расмийлаштирилган, бу эса компанияларга жавобгарликдан қочиш имконини берган, дейилади хабарда.
Шунингдек, 120 та турар жой мажмуаси бўйича реклама материаллари текширилди. Рухсат берувчи ҳужжатларсиз ва электрон реестрга киритилмасдан объектларни реклама қилган ташкилотларга нисбатан молиявий жарималар қўлланди. Оммавий ахборот воситалари ва реклама агентликлари бундай объектларни тарғиб қилиш йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.
Қўмита ушбу таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган таклифларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига тақдим этди. Фуқароларга квартира сотиб олаётганда шартнома шартларини диққат билан ўрганиш ва маълумотларни «Шаффоф қурилиш» тизими орқали текшириш тавсия этилади.
Аввалроқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов 2018–2019 йилларда 38 мингта ноқонуний қурилган квартиралар аниқланганини, уларнинг бир қисми қурилиш жараёнида бўлганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, кўп квартирали уйлар рухсатномаларсиз, экспертизасиз ва материаллар сифати назорат қилинмасдан қурилган.
«Уй-жой сотиб олаётганда, илтимос, объект Қурилиш назорати инспекциясида рўйхатдан ўтганлигини текширинг. Агар сиз бунга эътибор берсангиз, қурилиш нормативлар ҳамда амалдаги қонун ва қоидалар асосида олиб борилади», — деб тавсия берди вазир.