Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/02/2026

Собиқ «Тошкент» меҳмонхонаси бузилмайди — Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда собиқ «Тошкент» меҳмонхонасининг гўёки яқинда бузилиши ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Ҳозирда у Lotte City Hotel Tashkent Palace деб номланади.

Хусусан, Facebook ижтимоий тармоғида ушбу бинонинг барча ходимлари ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган.

«Ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди», деб ёзди Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Гулноза Қосимова ўзининг шахсий Telegram-каналида Тошкент шаҳар Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда меҳмонхона маъмуриятига таянган ҳолда.

Пойтахт ҳокимлиги, шунингдек, Facebook’даги бузилиш ҳақидаги хабарга изоҳ қолдириб: «Собиқ «Тошкент» меҳмонхонаси […] бузилмайди», деб баёнот берди.

«Тошкент» меҳмонхонаси меъморлар Митҳат Булатов ва Леонид Караш лойиҳаси асосида қурилган. У юқори мартабали меҳмонлар ва турли делегацияларни қабул қилиш учун мўлжалланган эди. У пойтахтдаги ҳавзаси (бассейни) бор илк меҳмонхонага айланган.

Меҳмонхона 1958 йил октябрь ойида очилган бўлиб, ўша вақтда Тошкентда Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг халқаро конференцияси бўлиб ўтаётган эди ва анжуман иштирокчилари унинг илк меҳмонлари бўлишган.

2003 йилда «Тошкент» меҳмонхонасини бошқариш Франциянинг Air France компаниясига қарашли Le Meridien халқаро тармоғига ўтказилган. 2013 йилдаги реконструкциядан сўнг бошқарувга Япония-Жанубий Кореянинг машҳур Lotte меҳмонхоналар тармоғи келган.