Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/02/2026

Тошкент боғчаларида карантин эълон қилингани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Тошкентдаги айрим боғчаларда юқумли касалликлар сабабли карантин жорий этилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, деб баёнот берди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг пойтахт бошқармаси.

Ижтимоий тармоқларда тилга олинган ва карантин эълон қилинишига сабаб бўлиши мумкин бўлган хавфли юқумли касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича шаҳардаги эпидемиологик вазият барқарор, деб қайд этди идора.

Ҳар йили қиш мавсумида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланишнинг мавсумий ортиши кузатилади. «Шу сабабли таълим муассасаларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида эрталабки «фильтр» (саралаш), тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бўлган болаларни вақтинчалик изоляция қилиш ишлари ташкил этилади, шунингдек, ота-оналарга тавсиялар берилади. Айнан мана шу «фильтр» жараёнларини айрим фуқаролар хато равишда карантин жорий этилиши сифатида талқин қилишган», — дейилади хабарда.

Бошқарма фуқароларни текширилмаган маълумотларга ишонмасликка ва расмий манбаларга таянишга чақирди.