Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 10/02/2026

Нью-Йоркда 11 ёшли Амира Аминова мактаб автобуси уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди

Нью-Йоркнинг Бруклин туманидаги Бат-Бич мавзесида 2026 йил 5 февраль куни мактаб автобуси уриб кетиши оқибатида асли ўзбекистонлик бўлган оиланинг 11 ёшли фарзанди Амира Аминова ҳалок бўлди. Америка ОАВлари томонидан тарқатилган ушбу маълумотни 8 февраль куни Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консулхонаси тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, бош консулхона қизнинг онаси билан доимий алоқада бўлиб турибди ва Нью-Йоркнинг тегишли идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари марҳуманинг оиласига барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Нима содир бўлди

Фожиа соат тахминан 15:00 атрофида, болалар одатда мактабдан қайтадиган вақтда, қизнинг уйидан 60 метр узоқликда юз берган. CBS News томонидан эълон қилинган видеога кўра, Амира пиёдалар светофори «Юринг» режимидан тескари ҳисоблаш таймерига ўтган вақтда, яъни тақиқловчи ишора бўлмаган пайтда кўчани югуриб кесиб ўта бошлайди.

У йўлнинг ўртасидан ўтганидан сўнг, ўнгга бурилаётган (АҚШда чорраҳаларда, агар тақиқловчи белги бўлмаса, светофорнинг қизил чироғида ўнгга бурилишга рухсат берилади) сариқ рангли мактаб автобуси тезликни камайтирмасдан қизни уриб юборади. Қиз ҳаракат йўналишини ўзгартириб, тўқнашувдан қочишга ҳаракат қилгани, аммо бунинг иложи бўлмагани кўринади. У шифохонага етказилган, бироқ оғир жароҳатлар туфайли вафот этган.

Ҳайдовчи — 62 ёшли Вава Аурелус — тўхтамасдан йўлида давом этган. Кейинчалик полиция томонидан тўхтатилганда, у нима содир бўлганини кўрмаганини айтган. Ҳайдовчига пиёдага йўл бермаслик ва эҳтиётсизлик айбловлари қўйилган, бироқ воқеа жойини тарк этиш айблови қўйилмаган. Унинг амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бор ва бунгача йўл ҳаракати қоидаларини бузиш бўйича қўлга олинмаган. Унга 24 февраль куни судга келиш учун чақирув қоғози топширилган.

Чорраҳадаги дўкон ходими Артуро Кравеото The New York Times нашрига Амира айнан дўкондан чиққан вақтида воқеа юз берганини айтган. У йўл-транспорт ҳодисасини кўриб кўчага югуриб чиққан. Унинг сўзларига кўра, ўша атрофдан ўтиб кетаётган ҳамшира тез ёрдам келгунига қадар биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган.

Амира хотирасига ёдгорлик

Маҳаллий аҳоли воқеа жойида ҳалок бўлган қизнинг хотирасига мемориал ташкил қилди. Улар у ерга юмшоқ ўйинчоқ айиқча, гуллар, шамлар ва қиз яхши кўрган оқ шоколадларни олиб келишган, деб хабар беради CBS News.

Яқин атрофдаги қариялар уйида ишловчи Амелла Чекич Амирани тез-тез кўриб турганини айтди. «Чиройли қиз эди, доим кулиб юрарди ва бахтли эди», — деб қайд этди у. Аёлнинг қўшимча қилишича, Амира ҳеч қачон ҳеч кимга қўполлик қилмаган. Унинг сўзларига кўра, қиз баъзида ўзини тута олмайдиган беморларга нисбатан ҳам жуда меҳрибон ва сабрли бўлган.

«Биз ҳаммамиз бу фожиани [Амиранинг яқинлари] билан бирга ҳис қиляпмиз. Биз қила оладиган ягона нарса — бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига эришиш», — дея қўшимча қилди Чекич.

«Бу жуда қўрқинчли, чунки бу шаҳар автобуси эмас, балки мактаб автобуси эди. Унинг ичида болалар бормиди?.. Бу ерда менинг набираларим юришади, мен юраман», — деди қўшни Латиша Робинсон.