
Ўзбекистондаги OneID ягона идентификация тизимида шахсий маълумотларни учинчи томон ташкилотларига узатиш автоматик равишда чекланди. Бу ҳақда Электрон ҳукумат маркази хабар берди.
Тармоқларда банкларга аҳолига кредит бериш гўёки тақиқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Кредит ташкилотларининг мобил иловаларида онлайн-микроқарз расмийлаштириш имконияти йўқолди. ЭҲМ хабарига кўра, энди фойдаланувчилар банклар, молия, суғурта, телекоммуникация ва бошқа ташкилотларга ўз маълумотларидан фойдаланишга мустақил равишда рухсат беришлари ёки тақиқлашлари керак.
Маълумотлардан фойдаланишни бошқариш учун id.egov.uz сайтига компьютер орқали кириш, OneID тизимида авторизациядан ўтиш (агар аккаунт бўлмаса, рўйхатдан ўтиш) ва «Шахсий маълумотларни бошқариш» бўлимига ўтиш лозим.
Маълумотларни узатишни фаоллаштириш ёки чеклаш электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёки Mobile-ID ёрдамида амалга оширилади — фойдаланувчи керакли ташкилот рўпарасидаги «қулф» белгисини очиши ёки ёпиши кифоя. OneID тизимига QR-код орқали кирилганда, ушбу бўлим OneID Mobile мобил иловаси (Android, iOS) орқали автоматик равишда фаоллашади. Бу авторизациянинг энг тезкор усули.
Электрон ҳукумат маркази бундай чоралар кибержиноятчиликдан ҳимояни кучайтиришга қаратилганини тушунтирди.
Шу билан бирга, фойдаланувчилар шуни ҳисобга олишлари керакки, агар банк ёки алоқа оператори учун маълумотлардан фойдаланиш имконияти берилмаса, рақамли идентификацияни талаб қилувчи кредитлар, микроқарзлар ва бошқа хизматларни (омонат очиш, валюта айирбошлаш) расмийлаштириш имконсиз бўлиши мумкин.
Агар фойдаланувчиларнинг телефон рақами ҳали Mobile-ID тизимига уланмаган бўлса (бу функцияни фаоллаштириш учун зарур, аммо рақам фойдаланувчи номида бўлиши керак), буни фақат my.gov.uz мобил иловаси орқали амалга ошириш мумкин. Шундай қилиб, шахсий маълумотлардан фойдаланиш учун жавобгарлик тўлиқ фойдаланувчига ўтади.
Ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ва Reddit платформасида Ўзбекистон давлат ахборот тизимларидан олингани иддао қилинган фуқароларнинг шахсий маълумотлари даркнетда эълон қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Киберхавфсизлик маркази 2026 йил 3 февраль куни вазият юзасидан изоҳ бериб, ўрганиш ишлари олиб борилаётганини ва унинг натижалари бўйича маълумот берилишини маълум қилди.
Статистика агентлиги тармоққа аҳолини онлайн рўйхатга олиш маълумотлари сизиб чиққани ҳақидаги тахминларга жавобан, барча маълумотлар алоҳида серверда шифрланган ҳолда сақланишини билдирди.
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги эса ўзларининг эскирган маълумотлар базасига киберҳужум уюштирилгани фактини тасдиқлади ва ҳолат юзасидан тергов олиб борилаётганини маълум қилди.
Kurbanoff.net блоги муаллифи Шуҳрат Қурбонов шахсий маълумотлар сизиб чиқиши билан боғлиқ хабарларга изоҳ берар экан, кредит олишга мустақил равишда тақиқ қўйиш каби чораларни тўғри деб ҳисоблашини, бироқ фойдаланувчилар ишни рақамли хавфсизликнинг асосий қадамларидан — хусусан, OneID тизимига кириш логини ва паролини ўзгартиришдан бошлашлари кераклигини таъкидлади.
Қурбонов, шунингдек, жиноятчилар қўлига тушгани айтилаётган база намуналарида мавжуд бўлган шахсий маълумотлар рўйхатини келтириб ўтди. Хусусан, эҳтимолий eGOV (OneID) базасида ЖШШИР, тизимдаги логин, Ф.И.Ш., паспорт маълумотлари, туғилган сана, сессия идентификаторлари, аутентификация тури, шунингдек, СТИР ва юридик шахс ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.
Ипотека кредитларини қайта молиялаштириш билан боғлиқ бошқа базада эса мижозлар ва қарзлар параметрлари, жумладан, манзил, даромадлар, уй-жой хусусиятлари ва кредит шартлари ҳақидаги маълумотлар мавжуд.
ИИВ ходимларининг кенгайтирилган шахсий маълумотлар тўпламига эга базаси ҳам алоҳида тилга олинган.