Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Давсувхўжаликназорат» сув сарфини назорат қилиш учун боди-камералар ва дронлар билан таъминланади

2026 йил 1 мартдан бошлаб Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси («Давсувхўжаликназорат») ходимлари боди-камералар ҳамда дронлар билан таъминланади. Бу ҳақда идора раҳбари Рустам Рахимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Ушбу ускуналар ёрдамида Ўзбекистон президенти 3 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда таъкидлаб ўтган сув тежовчи технологиялардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат кучайтирилади. Мониторинг ишларини бутун мамлакат бўйлаб ўтказиш ва бунга инспекциянинг 13 та ҳудудий бўлинмасини жалб этиш режалаштирилган.

«Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва назоратни кучайтириш ҳисобига ҳар йили 5 миллиард куб метргача сувни иқтисод қилиш вазифаси қўйилган. Биз ушбу вазифани бажариш мажбуриятини ўз зиммамизга оламиз», — деди Рустам Рахимов.

Шоли етиштириладиган ва балиқчилик хўжаликлари ташкил этиладиган ерларда «Сув ҳисоби» ахборот тизимига интеграция қилинган «ақлли» сув ўлчаш ва ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилиши кўзда тутилган.

Субсидиялар ҳисобига сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларда экинларни анъанавий усулларда, технологияни қўлламасдан суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади.

2028 йилга келиб сув тежовчи технологияларни 930 минг гектар майдонда жорий этиш ва уларнинг умумий майдонини 3,5 миллион гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев аввалроқ Ўзбекистонда ишлатиладиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келишини, шу билан бирга бир гектарга сарфланадиган сув миқдори технологик ривожланган мамлакатлардаги кўрсаткичдан 2−2,5 баравар кўплигини (дунёда ўртача кўрсаткич қарийб 65 фоизни ташкил этади) таъкидлаган эди.