
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) дунё мамлакатлари ҳукуматлари ва рақамли компанияларни сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари (дипфейклар) таҳдидига қарши шошилинч чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда жамғарманинг «Газета»га йўллаган баёнотида сўз боради.
«ЮНИСЕФ сунъий интеллект ёрдамида яратилган жинсий мазмундаги тасвирлар ҳажми шиддат билан ортиб бораётгани, жумладан, болаларнинг фотосуратлари манипуляция қилинаётгани ва жинсийлаштирилаётгани ҳақидаги хабарлардан тобора кўпроқ ташвишга тушмоқда», — дейилади баёнотда.
«Дипфейклардан болалар иштирокидаги беҳаё контентни ишлаб чиқаришда, жумладан, „нудификация“ воситасида фойдаланиш тез-тез кузатилмоқда. Бунда СИ асбоблари уйдирма яланғоч ёки жинсийлаштирилган тасвирларни яратиш мақсадида фотосуратлардаги кийимларни „ечиш“ ёки ўзгартириш учун қўлланилади», — дея қайд этди жамғарма.
«Сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда яратилган ёки ўзгартирилган болаларнинг жинсий тасвирлари болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари (CSAM) ҳисобланади. Дипфейк-зўравонлик — бу зўравонлик ва у етказадиган зарар асло „қалбаки“ эмас», — деб таъкидлади ЮНИСЕФ.
«Боланинг тасвири ёки шахсиятидан фойдаланилганда, бола тўғридан-тўғри қурбонга айланади. Ҳатто аниқланадиган қурбон бўлмаган тақдирда ҳам, сунъий интеллект ёрдамида яратилган болалар жинсий зўравонлиги материаллари болаларни жинсий эксплуатация қилишни нормаллаштиради, зўравонлик мазмунидаги контентга бўлган талабни оширади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун ёрдамга муҳтож болаларни аниқлаш ҳамда ҳимоя қилишда жиддий қийинчиликлар туғдиради», — дейилади баёнотда.
Жуда кўплаб сунъий интеллект моделлари етарли хавфсизлик чораларисиз ишлаб чиқилмоқда. Генератив СИ воситалари бевосита ижтимоий тармоқ платформаларига интеграция қилинганда, ўзгартирилган тасвирлар жуда тез тарқалади ва хавфлар янада кучайиши мумкин, дея қўшимча қилди жамғарма.
ЮНИСЕФ тавсиялари:
Барча ҳукуматлар болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари (CSAM) таърифини кенгайтириши, унга СИ ёрдамида яратилган контентни ҳам киритиши ҳамда уни яратиш, буюртма бериш/қабул қилиш, сақлаш ва тарқатишни криминаллаштириши керак.
Сунъий интеллект ишлаб чиқувчилари СИ моделларидан суиистеъмол қилинишининг олдини олиш учун «лойиҳалаш босқичидаёқ хавфсизлик» (safety-by-design) ёндашувларини ва ишончли ҳимоя тўсиқларини жорий этишлари лозим.
Рақамли компаниялар сунъий интеллект ёрдамида яратилган болалар жинсий зўравонлиги материаллари тарқалишининг олдини олишлари керак — шунчаки зўравонлик содир бўлганидан кейин уларни ўчириб ташлаш билан чекланмасдан, контент модерациясини кучайтиришлари, бундай материаллар қурбон ёки унинг вакили мурожаатидан бир неча кун ўтиб эмас, балки зудлик билан ўчирилиши учун аниқлаш технологияларига сармоя киритишлари зарур.
«Дипфейк-зўравонликдан келадиган зарар ҳақиқий ва шошилинч ҳаракатларни талаб қилади. Болалар қонун воқеликка етиб олгунича кутиб тура олмайдилар», — дея баёнот берди ЮНИСЕФ.