
Ўзбекистонда Президент мактаблари ташаббусининг давоми сифатида болаларни ривожлантириш инновацион марказларига эга бўлган дастлабки «Янги авлод» болалар боғчалари ташкил этилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида сўзлаб берди. Бундай боғчаларни жорий этиш масаласи 2026 йил 4 февраль куни Президент ҳузурида ўтган тақдимотда муҳокама қилинган эди.
Вазир 120 ўринга мўлжалланган янги форматдаги боғчаларни мамлакатдаги мактабгача таълим тизими сифатини ошириш учун «локомотив» деб атади. «2026 йилда Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистонда, 2027 йилда олтита ҳудудда, 2028 йилда эса яна олтита ҳудудда „Янги авлод“ боғчалари ташкил этилади», — деди Эъзозхон Каримова.
Вазирнинг таъкидлашича, болаларни ривожлантириш инновацион марказларида 5 та йўналиш бўйича тематик ўйин зоналари яратилади: ижодкорлик ва санъат, фан ва математика, жисмоний фаоллик, тил ҳамда робототехника.
Унинг сўзларига кўра, ушбу таклиф киритилишидан олдин ривожланган давлатлар — Жанубий Корея, Япония, Хитой, Германия ва АҚШ тажрибаси ўрганилган. Таҳлиллар асосида ўйин орқали ўқитиш методикасини қўллаган ҳолда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ташаббуслар ишлаб чиқилган.
ММТВ департаменти директори ўринбосари Зафар Усанов инновацион марказлар бошқа мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва методистлари учун тадқиқот майдончаси вазифасини ҳам бажаришини қайд этди. Улар малака оширишлари, жараёнларни кузатишлари, педагогика олийгоҳларининг илмий ходимлари эса тадқиқотлар ўтказишлари мумкин бўлади. Ушбу тадқиқотлар натижалари кейинчалик мактабгача таълим тизимига татбиқ этилади.
Янги боғчалардаги инновацион марказларни бошқариш учун директор ўринбосари лавозими жорий этилади, шунингдек, ҳар бир тематик йўналиш учун инструкторлар пайдо бўлади. Педагог-тарбиячиларнинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорида устамалар жорий этилади.
Президент ҳузуридаги тақдимотда ўрта махсус маълумотли тарбиячи-педагоглар «5+1» модели бўйича дуал таълим олишлари ҳақида ҳам айтиб ўтилган эди. Вазир Эъзозхон Каримованинг тушунтиришича, улар 5 кун иш жойидаги боғчада ва бир кун олийгоҳда бўладилар.
2027 йилдан бошлаб 12 йиллик ўрта таълимга ўтиш бошланади — амалдаги 11 йилликка бир йиллик мактабга тайёрлов курси қўшилади. Ушбу курсни хусусий мактаб ва боғчаларда ҳам ўташ мумкин бўлади.