
2026 йилди Ўзбекистонда Темурийлар империяси асосчиси ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 5 февралдаги қарорида сўз боради.
Ҳужжатда таъкидланишича, «Иккинчи Ренессанс — Темурийлар даври Ренессансининг бунёдкори бўлган Амир Темур миллий давлатчилигимиз ва умуман жаҳон тарихи ривожида алоҳида ўрин тутади». Бугунги кунда Ўзбекистон «миллий тараққиётнинг янги босқичи — Учинчи Ренессанс даврига қадам қўймоқда ва барча соҳаларда туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда», дейилади ҳужжатда.
Қарор билан ҳар йили апрель ойи Амир Темур ойи (у 1336 йил 9 апрелда туғилган) деб белгиланди. Ушбу ойда таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилот ва маҳаллаларда учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни 2030 йилгача кенг оммалаштириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди. Унда 9−10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида «Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш кўзда тутилган.
Амир Темур ва Темурийлар даври тарихига бағишланган қатор китоблар, жумладан, «Темур тузуклари» асарини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларидаги илмий-изоҳли матни билан, шунингдек, «Темурийлар даврига оид 100 та ноёб қўлёзма» ва «Темурийлар даврига оид 100 та ноёб санъат дурдонаси» китоб-альбомларини нашр этиш режалаштирилган.
Хорижий давлатларда сақланаётган Темурийлар даврига оид асл ёзма манбаларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва ушбу давр манбаларининг электрон платформасини яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, «Тирик тарих» лойиҳаси асосида суратга олинган, Амир Темур империясининг Европа давлатлари билан дипломатик ва элчилик алоқаларини акс эттирувчи тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни Испания, Франция ва Буюк Британияда намойиш этиш белгиланган.
Қарор билан «Буюк Темурийлар» тушунчасини халқаро илмий термин сифатида жорий этиш топширилди. Шу мақсадда 1 мартдан бошлаб хорижда «Буюк Темурийлар тарихи ва маданий мероси» мавзусида тақдимотлар, медиа тадбирлар ва конференциялар ўтказилади. Бошқа режалар қаторида почта маркалари, конвертлар ва календарлар туркумини яратиш, эсдалик, кумуш ва олтин юбилей тангаларини муомалага чиқариш ҳам бор.
Тошкентда йил якунига қадар Темурийлар тарихи давлат музейи биносини реконструкция қилиш, уни жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозициясини яратиш режалаштирилмоқда. Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилди.
Қарорда қайд этилишича, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида «собиқ мустабид тузум томонидан қоралаб келинган ушбу улуғ зотнинг пок номи ва хотирасига нисбатан тарихий адолат тикланди. Соҳибқирон Амир Темур сиймоси миллий давлатчилик рамзига айланди ва халқимизнинг ўзлигини англаши, анъана ва қадриятларини тиклаши жараёнида маънавий куч-қувват манбаи бўлиб хизмат қилмоқда».